...

Ўзингизни "яхши одам" деб биласизми?

Бу учун ўзингизни қисқа ҳисоб-китобга тортишингиз керак. Чунки яхши одам аввало бировнинг кўнглини оғритмайди. Сўнгра навбати билан яхши инсон диннинг амр ва тақиқларига амал қилади. Динга хизмат қилади. Кўп ибодат қилса ҳам тавбани тарк этмайди. Атрофидагиларга азият бериш, ташвишга солиш кибрлилик аломатидир. 

Яхши одам дунё иши билан қанчалик машғул бўлмасин, ўлимни асло ёдидан чиқармайди. Одамларга яхшиликлари учун миннатдорчилик билдиради, чунки одамга ташаккур этишни билмаганнинг Аллоҳу таолога шукр қилмаслигини билади.

Ўзига ортиқча ҳурмат-эътибор кўрсатилса ҳам, камтарликни тарк этмайди. Агар Аллоҳ бир бандасига хайр бергиси келса, уни доим хайрли ишлар билан банд қилишини билиб, шундай дуо қилади.

Диний бир масалани ўргатишнинг савоби мингларча умра савобидан ҳам отиқ эканини билади. Ким қулларнинг айбини бекитса, Аллоҳ ҳам қиёматда унинг гуноҳ ва айбини бекитишини билади. 

Яхши одам Аллоҳнинг амрларига амал қилмаганида Унинг розилигига ҳам эриша олмаслигини биладиган мўминдир.

Яхши одам бировнинг кўнглини оғритиш у ёқда турсин, ҳатто мўминга ўқрайиб қарашнинг ҳам қул ҳақига киришини билади ва асло биров ҳақида ёмон ўй-хаёлда бўлмайди.

Яхши одам чақирилмаган жойга бормайди, чақирилган жойдан қолмайди. Эплай олмайдиган ишга аралашмайди. Ҳалолдан ишлаб пул топишга катта аҳамият беради. Ҳалол бўлмаган даромадга бурилиб ҳам қарамайди. Давлатнинг қонун-қоидаларига бўйсуниб яшайди. Оиласига, бола-чақасига шафқатли муомала қилади. Уйда асло зўравонликка йўл қўймайди. Қўшнилари билан яхши муносабатда бўлиб, қўшничилик ҳақларига риоя қилади. Қўни-қўшнининг хастасини бориб кўради, жанозасига иштирок этади, тўй-байрамларда ёнида туриб, қувончига шерик бўлади.

Ота-онасига ва қарияларга меҳрибонлик билан муомала қилади. Уларнинг  ҳолларидан тез-тез хабар олиб, кўнгилларини кўтаради. Мана шу тариқа яшаган инсон энг аввало ўзи ҳузур-ҳаловат топади ва бахтли ҳаёт кечиради. Чунки ҳузур билан бахт доимо мана шундай яхши инсонларга ҳамроҳ бўлади. Ушбу умумий қоидалардан бошқа ҳар қандай тавсия, кўрсатма, психологик дастак, “ҳаёт коучинги” сингари татбиқлар шунчаки иккинчи даражали маслаҳатлардир.