Қуръон Аллоҳ каломидир

Савол: Баъзи динсизлар Қуръонни Расулуллоҳнинг ўзи ёзганлигини, Аллоҳнинг каломи эмаслигини айтмоқдалар. Бу ҳақида ояти карима йўқми?

Жавоб: Ояти карима бор, лекин атеистлар оятга ишонмайди. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар эканликларини мўъжизалар билан ҳам исботлаганлар. Бу мўъжизалар иттифоқ-ла бугунгача етиб келган. Мўъжиларининг энг улуғи Қуръони каримдир. Яъни давом этаётган мўъжизадир. Қуръони карим жуда важиздир (оз сўз билан кўп маъно англатадиган). Ҳеч ким Қуръондагидек сўз айта олмайди. Арабистоннинг машҳур шоирлари ва адабиётчилари уриниб, ўхшашини сўзлай олмагандилар. Бу ҳақидаги ояти карималарнинг баъзилари қуйида келтирилган:

“Улар “(Муҳаммад Қуръонни) ўзи тўқиб олган” деб ишонмасалар, ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирор сўз айтсинларчи!” (Тур, 33-34)

“Айтинг: Мени ичидан тўқиб чиқарди деб ўйлаётганингиз ушбу Қуръон суралари каби сизлар ҳам ўнта сура тузиб айтингларчи!” (Ҳуд, 13)

“Агар биз бандамизга (Расулимга) туширганимиздан (Қуръоннинг Аллоҳдан келганига) бир шубҳангиз бўлса, у ҳолда гувоҳларингизни (бутларингизни, олимларингизни) чақириб шунга ўхшаш бир сура келтиринг! Буни асло қила олмайсиз. ”(Бақара, 23-24)

“Қуръон ўхшаши, мисли бўлмаган бир китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч бир томондан, ҳеч бир шаклда) ботил келмайди (ҳеч бир китоб ёки ҳужжат келиб уни ботил қилолмайди, чунки) у ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир.” (Фуссилат, 41-42) (Қуръонни Аллоҳ нозил қилгани учун уни бузадиган ҳеч нарсанинг чиқмаслиги очиқча билдирилмоқда.)

“Парвардигорингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитгувчи, билгувчидир.” (Анъом, 115)

“Албатта Қуръонни биз нозил қилдик ва шубҳасиз уни Ўзимиз сақлагувчимиз.” (Ҳижр, 9)

“Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан келганида эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?! Буларни ўйлаб кўрмайсизларми?” (Нисо, 82)

“Агар (пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида эди, Биз унинг ўнг қўлидан тутиб, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини юлиб ташлаган бўлар эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши бунга тўсиқ бўлолмасди.” (Ал-ҳааққа, 44-47)

“Айтинг: Қасамки, бутун инсу жин мана шу Қуръоннинг ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар.” (Ал-исро, 88) (14 аср ўтгани ҳолда кўплаган дин душманлари, астағфируллоҳ, Аллоҳни ёлғончига чиқариш учун ҳар қанча уринсалар ҳам буни эплолмадилар.)

Қуръони карим Жаноби Пайғамбаримизнинг энг буюк мўъжизасидир. Ичида бутун дунёда бугунгача ишланган маданий қонунларга ўрнак бўладиган илмий ва ҳуқуқий асослар, эски тарихга оид кўплаган маълумотлар, инсонларга берилиши мумкин бўлган энг яхши ахлоқ асослари, насиҳатлар, дунё ва охират ҳақида шу вақтгача ҳеч бир киши билмаган, билолмайдиган, ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдиган хусуслар бор. Булар ҳеч ким сўзлай олмайдиган ифода тарзи билан баён қилинган. Мушриклар мўъжиза истаганида маолан буюрилдики: “Ахир Қуръондек (ўхшаши йўқ) китобни нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?” (Анкобут, 51)

“Бу Аллоҳнинг китоби эмас” дейдиганларга қарши бундай шубҳаларга ўрин қолдирилмаган. Аллоҳу таоло Расулининг бундай китоб ёзадиган қудратда эмаслигини ва Қуръонни ўзи ваҳий қилганлигини билдирмоқда. Асосан Расулининг уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган) эканлигини ва шу сабабдан Қуръон фақат Аллоҳ тарафидан ваҳий қилина олишининг тушунилишини истаганди. Бир ояти карима маоли: “Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат қилгувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эдилар.”(Анкобут, 48)

У вақтлар араблар шеърга жуда қиймат беришарди. Ораларида кўплаган шоирлар етишиб чиқди. Ўзаро мушоира ўтказишарди. Ғолиб чиққанлар билан мақтанишарди. Ўша сўз усталари Қуръони каримдагидек бир қисқа сура айта олиш учун қўлни-қўлга бердилар. Роса уриндилар. Тайёрлаган шеърларини Муҳаммад алайҳиссаломга олиб бормоқчи бўлганларида Қуръони каримдан бир сурага дуч келдилар. Сурадаги балоғатни яхши англаганлари учун ўз сўзларидан ўзлари уялдилар. Шеърларини Расулуллоҳга олиб боришга юзлари бўлмади. Бу ожизликларидан илм билан қарши чиқишдан воз кечиб, зўравонликка ўтишдан бошқа чора тополмадилар. Қиличларига ёпишдилар. Мусулмонларга ҳужум қилишни бошлашди. Расулуллоҳни ўлдиришга қарор қилишди. Бу борада тайёрлаган режаларини амалга оширишга уринсалар ҳам мағлуб ва шарманда бўлдилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг чорловига қарши улар бирлашиб уринишлари натижасида бир сурадай важиз, болиғ бир сўз айта олганларида эди, Расулуллоҳнинг олдига келиб ўқиб, шов-шув кўтарардилар. Бу воқеалар тилларда достон бўлиб, тарихга кирарди. Бу муваффақиятсизликлари Қуръони каримнинг мўъжиза эканлигини, инсон сўзи эмаслигини очиқча кўрсатиб турибди.

Мўъжиза инсонни ожиз қолдирадиган, буни ишлаш билан бошқаларни ожизликка туширган, қудратсиз қилган, ҳеч ким бажара олмайдиган иш деганидир.