...

Рамазон ойи ва рўзанинг фазилатлари

         Савол: Рамазон ойининг фазилати нимада?

Жавоб: Бу ой ҳақида имом Раббоний ҳазратлари айтганларки: “Муборак Рамазон ойи жуда шарафлидир. Бу ойда қилинган нофила намоз, зикр, садақа ва бошқа барча нофила ибодатларга берилган савоб бошқа ойларда фарзга бериладиган савоб кабидир. Бу ойда қилинган бир фарз амал бошқа ойлардаги етмишта фарзга тенг. Бу ойда бир рўзадорга ифтор берганнинг гуноҳлари кечирилади, ўзи жаҳаннамдан озод қилинади. Рўзадорнинг савоби қадар ифторлик берганга ҳам савоб берилади. Рўзадорнинг савоби камаймайди.

Бу ойда қўл остидагиларнинг ишларини енгиллаштирган, уларнинг бемалол ибодат қилишларига шароит қилиб берган амирлар ҳам кечирилади, жаҳаннамдан озод бўлади. Рамазон ойида Расулуллоҳ асирларни озод этар, қилинган илтимосларни жавобсиз қолдирмас ва сўраб келинган нарсаларни берардилар. Бу ойда ибодат ва яхши иш қилганларга бутун йил давомида шундай ижобий амалларни қилиш насиб этади. Бу ойга ҳурматсизлик қилган, гуноҳ ишлаган кимсаларнинг бутун бир йили гуноҳ қилиш билан ўтади.

Бу ойни фурсат билиб, қўлдан келганича ибодат қилиш керак. Аллоҳу таоло рози бўладиган ишларни қилиб олишга шошилиш керак. Бу ойни охиратни қозониш учун ғанимат деб билиш лозим.

Қуръони карим Рамазон ойида нозил бўлди. Қадр кечаси ҳам Рамазон ойидадир. Рамазонда саҳарликни вақтининг сўнггига томон, ифторликни эса, вақти кириши билан бошида қилиш суннат. Расулуллоҳ бу икки суннатни бажаришга жуда катта аҳамият берардилар.

Ифторда шошилиш ва саҳарликни кеч қилиш, балки инсоннинг ожизлигини, еб-ичишга муҳтожлигини кўрсатади. Ибодат дегани ҳам аслида шу.

Хурмо билан оғиз очиш суннат. Ифтордан кейин “Заҳабаз-зама вабталлат-ил уруқ ва сабат-ал-ажр иншоаллоҳу таоло” дуосини ўқиш, таровиҳ намозини ва Қуръон хатм қилиш бу ойда жуда муҳим бўлган суннатлардандир.

Бу ойда ҳар кеча жаҳаннамга кириши керак бўлган мингларча мусулмонлар авф этилиб, озод бўлади. Бу ойда жаннат дарвозалари очилади. Жаҳаннам дарвозалари бекилади. Шайтонлар занжирбанд қилинади. Раҳмат эшиклари очилади. Аллоҳу таоло бу муборак ойда Унинг шаънига ярашадиган ибодатлар қилишимизни ва Раббимизнинг рози бўлган, ёқтирган йўлида юришимизни барчамизга насиб этсин! Омин.” (Мактубот, 1-жилд, 45-мактуб)

Рамазон ойида ҳаммага кўрсатиб овқат еган киши бу ойга ҳурмат кўрсатмаган бўлади. Намоз ўқимаганларнинг ҳам рўза тутиши ва ҳаромлардан сақланиши керак. Буларнинг рўзалари қабул бўлади ва имонлари борлиги шундан маълум бўлади.

Рамазони шарифда рўза тутишнинг савоби жуда катта. Узрсиз рўза тутмаслик катта гуноҳ. Ҳадиси шарифда: “Рамазонда бир кун рўза тутмаган одам бунинг ўрнига бутун йил рўза тутса ҳам, Рамазондаги ўша бир куннинг савобига элиша олмайди.” деб марҳамат қилинди. (Термизий) (Аммо диний бир узри бўлса, рўза тутмаслик гуноҳ бўлмайди.)

Қуйида Рамазонда рўза тутиш ҳақида айтилган ҳадиси шарифлардан бир нечтасини келтирамиз:

Рамазон ойи муборак бир ойдир. Аллоҳу таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Бу ойда раҳмат эшиклари очилади, жаҳаннам дарвозалари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Бу ойда шундай бир кеча борки, минг ойдан ҳам қадрлидур. Бу кечанинг (Қадр кечасининг) хайридан маҳрум қолган одам ҳамма хайрдан маҳрум қолган бўлиб ҳисобланади.” (Насоий)

“Рамазон ойида рўза тутишни фарз билиб ва унинг савобини Аллоҳу таолодан кутган кимсанинг гуноҳлари авф бўлади.” (Бухорий)

“Рамазон рўзасини тутиб ўлган кимса жаннатга киради.” (Дайламий)

“Рамазон ойи бошланганда “Эй хайр аҳли хайр қилишга шошилинг! Эй ёмонлик аҳли, сенлар ҳам ёмонлик қилишдан ўзларингни тийинглар!” дейилади.” (Насоий)

Рамазон ойи баракат ойидир. Аллоҳу таоло бу ойда гуноҳларни кечиради, дуоларни қабул қилади. Бу ойнинг ҳурматини жойига қўйинг! Фақат жаҳаннамга кетадиган одамгина бу ойда раҳматдан маҳрум қолади. (Табароний)

Рамазони шариф бошланганида Аллоҳу таоло фаришталарга мўминлар учун истиғфор этишларини амр қилади.” (Дайламий)

Ҳар бир фарз намоз кейинги фарзгача, жума намози кейинги жумагача, Рамазон эса кейинги Рамазонгача бўлган гуноҳларга каффорат бўлади.” (Табароний)

Кетма-кет уч кун рўза тута оладиган кимса Рамазон рўзасини тўлиқ тутиши керак.” (Абу Нуайм)

Рамазонда рўза тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш эса суннатдир. Бу ойда кундузлари рўза тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказганнинг гуноҳлари кечирилади.” (Насоий)

Бу ойнинг Рамазон деб аталишининг сабаби – гуноҳларни ёқиб йўқ этгани учундир. (И.Мансур)

Рамазон ойида аҳлу оилангизга нафақа беришда сахий бўлинг. Бу ойда қилинган харажатлар худди Аллоҳ йўлида қилинган харажатлардек савобдир.” (Ибн Абуддунё)

Рамазоннинг боши раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса Жаҳаннамдан нажотдур. (И.Абуддунё)

Ислом бу – калимаи шаҳодат келтирмоқ, намоз ўқимоқ, закот бермоқ, Рамазон рўзасини тутмоқ ва ҳаж этмоқдир. (Муслим)

Жаннатдаги гўзал кўшклар хушмуомала, серсалом, сахий, рўза тутишда бардавом бўлган ва кечалари намоз ўқиган кишиларга берилади. (Ибн Наср)

Рўза тутган мўминнинг сукути тасбиҳ, уйқуси ибодат, дуолари мустажоб ва амалларининг савоби ҳам серобдур. (Дайламий)

Хусусан рўза тутганингизда ёмон сўз айтманг! Биров сизни безовта қилса унга “Мен рўзадорман” деб айтинг. (Бухорий)

Ҳақиқий рўза фақат еб-ичишни эмас, балки бекорчи ва ҳаёсиз сўзларни ҳам тарк этиш орқали тутилган рўзадир. (Ҳаким)

Аллоҳу таолонинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва ҳеч кимнинг хаёлига келмаган неъматлар тўла дастурхонига фақат рўза тутганларгина ўтиради. (Табароний)

Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган кишини Аллоҳу таоло жаҳаннамдан 70 йиллик масофага узоқлаштиради. (Бухорий)

Тозалик имоннинг ярми, рўза эса сабрнинг ярмидир. (Муслим)

Рўзадор ҳолида вафот этган одамга қиёматгача рўза тутгандек савоб берилади.” (Дайламий)

Рўзадор пайтида ўлган мўмин жаннатга киради. (Баззор)

Рўза тутадиган ва намозини ўқийдиган киши қиёматда мукофотини ақлига сиққанича олади. (Хатиб)

Рўза шаҳватни жиловлайди.” (И.Аҳмад)

Муборак вақтларда гуноҳлардан узоқ туриш, тоатларни, ибодатларни ва ҳар турли яхшиликларни кўпайтириш керак. Чунки Аллоҳу таоло тарафидан севилган кимса фазилатли вақтларда яхши амаллар билан машғул бўлади. Ёмон кўрган бандаси эса, фазилатли вақтларда ёмон ишлар билан машғул бўлади. Ёмон ишлар билан машғул бўлган бадбахтнинг бу ҳаракати азобининг яна-да шиддатлироқ бўлишига ва Аллоҳу таолонинг унга яна-да кўпроқ душман бўлишига сабаб бўлади. Чунки у бу ҳаракати билан вақтнинг баракатидан маҳрум қолган ҳамда унинг ҳурмат ва шарафини топтаган бўлади. (Мавъизаи ҳасана)

Расулуллоҳ жанобимизнинг тушлари:

Тушимда ажойиб нарсаларни кўрдим. Умматимнинг бирини азоб фаришталари келиб тутдилар. Олган таҳоратлари келиб, уни бу қийин аҳволдан қутқарди. Бир одам кўрдим, қабри уни сиқарди. Ўқиган намозлари келиб уни қабр азобидан қутқарди. Бирини шайтонлар безовта қилмоқда эди. Айтган зикрлари келиб, уни шайтондан холос қилди. Биттасини эса чанқоқдан мажоли қолмаганди. Тутган рўзаси келиб уни сувсизликдан қутқарди.

Бирига зулмат ёпишганди. Қилган ҳаж амали келиб уни қоронғиликдан қутқарди. Биттасига ўлим фариштаси келганди. Ота-онасига қилган яхшиликлари келиб, ўлимини кечиктирди. Яна бир одамни мусулмонлар билан гаплаштиришмаётганди. Силаи раҳм келиб, унга шафоат қилди. Бир кишига Пайғамбарларнинг ёнига боришга йўл бермаётгандилар. Олган ғусли уни менинг ёнимга олиб келди. Бир мўминга қилган садақаси келиб, оташдан парда бўлди. Бирини забонийлар жаҳаннамга олиб кетаётганда, қилган амри маъруфи ва наҳйи мункари келиб қутқарди. Бир мусулмон жаҳаннамга ташланганди. Аллоҳ қўрқуви билан тўккан кўз ёшлари келиб уни қутқарди.

Бирига амал дафтари чап тарафдан берилаётганда Аллоҳ қурқуви келиб, дафтарини ўнгга олди. Савоблари гуноҳларидан енгил келган бир умматимга ўзидан аввал ўлган фарзандлари келиб, савобларини оғирлаштирди. Жаҳаннамнинг олдида қўрқувдан титраб турган бир одамни ёнига Аллоҳу таолога бўлган ҳусни занни (ҳамма нарсада яхши тарафини кўриш) етиб келгач, титроғи тўхтади. Сиротдан ташвишлар билан ўтган бир умматим жаннатга келганида дарвозалари ёпиқ эди. Ўшанда айтган калимаи шаҳодатлари келиб, уни жаннатга киритди. (Табароний, Ҳаким Термизий)

Савол: Гуноҳ қилишимизга шайтонлар сабаб бўладиган бўлса, Рамазон ойида кишанланган шайтонлар бизга қандай қилиб гуноҳ қилдиради?

Жавоб: Гуноҳ қилишимизга ёлғиз шайтонлар эмас, ўз нафсимиз ҳам сабаб бўлмоқда. Нафснинг зарари шайтонникидан ҳам кўп. Рамазон ойида бизга гуноҳ қилдирадиган нафсимиздир. Бу ойда шайтонлар кишанлангани учун қалбларга васваса бера олмайди. Рамазон ойидаги эснаш ҳам шайтондан эмас. Балки асаб танглиги, чарчоқ ва уйқусизлик каби ҳолларда вужудга келади. (Мактуботи Раббоний)

РЎЗАДОР ҲОЛИДА ВАФОТ ЭТИШ

Савол: Таҳоратли ҳолда вафот этган киши шаҳид бўлади. Рўзадор ҳолида ўлганга ҳам бир мукофот борми?

Жавоб: Ҳа албатта, катта мукофот бор. Бир ҳадиси шарифда Рўзадор ҳолида вафот этган мўмин жаннатга киради деб марҳамат қилинган. (Баззор)

Савол: Рамазон ойи баъзан қишга, баъзан эса ёз фаслига тўғри келади. Қишнинг қисқа кунларида рўза тутиш анча осон. Ёзнинг узун ва иссиқ кунларида эса қийин. Иккаласининг савоби ҳам бир хил бўладими?

Жавоб: Йўқ, машаққатлар билан адо этилган ибодатнинг савоби ҳамма вақт кўпроқ бўлади. Мукофотлар машаққатларга яраша деб марҳамат қилинган. Имом Раббоний ҳазратлари айтадиларки: “Монелар, тўсиқлар кўплигида қилинган ибодатнинг қийинчилиги ушбу ибодатнинг шонини, шарафини осмонларга кўтаради. Ҳеч қандай монелик бўлмасдан осонлик билан бажарилган ибодатлар пастда қолади.” (3/35)

Рамазони шариф қиш фаслига тўғри келса ҳам фарз бўлганлиги учун савоби кўп. Бу ҳақда қуйидаги ҳадиси шарифларда билдирилган:

Қишда рўза тутмоқ машаққатсиз қўлга киритилган бир ўлжадир. (Термизий)

Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузлари қисқа бўлади, рўза тутади. Кечалари ҳам узун бўлади, туриб ибодат қилади. (Байҳақий)