Пайғамбаримиз МУҲАММАД “алайҳиссалом”

Аллоҳу таолонинг Расули. Ҳабиби, яъни севгилисидир. Пайғамбарларнинг энг устуни ва охиргисидир. Оталарининг исми Абдуллоҳ. Милоднинг беш юз етмиш биринчи (571) йили апрель ойининг йигирмасига тўғри келадиган Раби’ул-аввал ойининг ўн иккисида, душанба кечаси тонгга яқин, Маккада таваллуд этдилар. Туғилганларида оталари вафот этган эди. Олти ёшларида оналари, саккиз ёшга етганларида эса боболари вафот этди. Кейин амакилари бўлмиш Абу Толибнинг қарамоғида вояга етдилар. Йигирма беш ёшларида Ҳадича-тул-кубро ила уйландилар. Улардан тўрт қиз ва икки ўғиллари туғилди. Тўнғич ўғилларининг исми Қосим эди. Шунинг учун ул ҳазратга “Абул-Қосим” ҳам дейилган. Қирқ ёшларида бутун одамзот ва жинларга Пайғамбар эканликлари билдирилди. Шундан уч йил ўтгач, халқни иймонга даъват кила бошладилар. Эллик икки ёшларида, бир кеча Маккадан Қуддусга (Иерусалим) ва у ердан кўкларга олиб чиқилиб келинди. Бу ҳодисага «Меърож» дейилади. Меърожда Жаннатни, Жаҳаннамни ва Аллоҳу таолони кўрдилар. Беш вақт намоз ўша кеча фарз бўлди. Тарихчиларга кўра, милодий 622 йилда Аллоҳу таолонинг амри билан Маккадан Мадинага равона бўлдилар. Бу сафарларига «Ҳижрат» дейилади. Мадина шаҳрининг Қубо қишлоғига келган кунлари бўлмиш Раби’ул-аввалнинг саккизи, сентябръ ойининг йигирманчи душанба куни мусулмонларнинг Ҳижрий шамсий тақвим бошланғичи сифатида қабул қилинди. Мусулмонларнинг Ҳижрий қамарий йиллари эса, ўша йилнинг Муҳаррам ойидан бошланади ва ой йўлдошининг ер курраси атрофида ўн икки марта айланиши бир қамарий йилга тенг бўлади. Ҳижрий 11 [м.632] йилда Раби’ул-аввал ойининг ўн иккиси, душанба куни тушдан аввал вафот этдилар. Сешанбани чоршанбага боғлайдиган кечанинг (Чоршанба кечаси) ярмида муборак руҳи шарифларини таслим қилган хоналарига дафн қилиндилар. Вафот кунларида, қамарий 63, шамсийга кўра 61 ёшда эдилар.

Муҳаммад “алайҳиссалом” оқ танли ва одамзотнинг энг чиройлиси эди. Чирой ва барноликларини ҳаммага ҳам маълум қилавермасдилар. Ул ҳазратнинг ҳуснларини бир маротаба кўрган ва ҳатто тушида кўрган инсонларнинг ҳам, умрлари лаззат ва хурсандлик билан ўтмоқда. Ул ҳазрат барча замонларда дунёнинг хоҳлаган минтақасида яшайдиган, туғиладиган барча инсонлардан ҳар тарафлама устундир. Ақллари, фикрлари, гўзал хулқлари ва барча аъзоларининг қуввати ҳар инсонникидан зиёда эди.

Бола чоғларида икки марта тижорат карвонлари билан Шом сари бордилар ва Бусро деган жойдан изларига қайтдилар. Ундан бошқа ҳеч қачон ҳеч қаерга бормадилар. Уммий эдилар, яъни ҳеч мактабга бормадилар. Ҳеч кимдан дарс олмадилар. Лекин, ҳамма нарсани билардилар. Яъни ҳар нимаики ўйласалар ва ҳар нимаики билишни хоҳласалар, Аллоҳу таоло ўша заҳоти У зотга билдириб турарди. Жаброил “алайҳиссалом” исмли фаришта келиб, У зот хоҳлаган нарсани билдириб кетарди. Муборак қалблари қуёшдек нур сочарди. Улардан сочилган илм ва маърифат нурлари худди радио тўлқинларидек ер, осмон ва ҳар томонга тарқаларди. Ҳозир эса бу нур, муборак қабри шарифларидан ёйилмоқда. Ёйилиш қуввати ҳам ҳар сония ортиб бормоқда. Электромагнит тўлқинларини қабул қилиб олиш учун радио қабуллагич лозим бўлганидек Унинг нур, яъни файзларини олабилиш учун Уларга ишонадиган, севадиган ва кўрсатган йўлларида юриб покланган қалб лозим. Шундай қалб соҳиби бўлган инсон ушбу нурларни олади ва у ҳам ўз навбатида атрофига нашр эта бошлайди. Бундай улуғ инсонларга “Валий” (авлиё) дейилади. Мана шундай бир валийни таниган, ишонган ва севган инсон, унинг олдида адаб билан ўтириб ёки узоқда уни адаб билан, муҳаббат билан хотирласа, ўйласа, ўша одамнинг қалби ҳам нур ва файз олиб, поклана ва комиллаша бошлайди. Аллоҳу таоло баданимизни, моддамизни парваришлаб етилтириш учун қуёш энергиясини сабаб қилгани каби руҳ ва қалбларимизни камолга етказиш учун Муҳаммад алайҳиссаломнинг қалбларини ва у ердан таралаётган нурларни сабаб қилган. Инсонни тўйғазадиган, ҳужайра ва тўқималарга куч бахш этадиган ва қувват билан таъминлаб турадиган барча озиқ-овқат маҳсулотлари, қуёш энергияси ва ҳар хил реакциялар орқали ҳосил бўлганидек қалбга, руҳга озиқ бўладиган, авлиёнинг суҳбатлари, каломлари ва ёзувлари ҳам, барчаси Расулуллоҳнинг муборак қалбларидан ёйилаётган нурлардан ҳосил бўлган.

Аллоҳу таоло Жаброил “алайҳиссалом” исмли малак орқали Муҳаммад алайҳиссаломга “Қуръони карим”ни юборди. Инсонларга дунёда ва охиратда керакли, фойдали бўладиган нарсаларни амр қилди. Зарарли бўладиганларни эса таъқиқлади. Ўша амр ва таъқиқларнинг тамомига Ислом дини ёки Исломият дейилади.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг айтган ҳар бир гаплари тўғри, қийматли ва фойдалидир. Мана шундай ишонган инсонга Мўмин ва Мусулмон дейилади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзларидан бирортасига ишонмайдиган, ёқтирмайдиган одамгага кофир дейилади. Аллоҳу таоло мўмин бўлган қулини севади. Уни абадиян жаҳаннамга ташлаб қўймайди. Уни жаҳаннамга ё ҳеч ташламайди, ёхуд қабоҳати, гуноҳи учун дўзахга киргизса ҳам, маълум вақт ўтгач озод этади. Кофир кимса эса, жаннатга асло киролмайди. Тўппа-тўғри жаҳаннамга, яъни дўзахга боради ва у ердан илалабад чиқолмайди. Шунинг учун Ул ҳазратга ишониш, Уларни севиш, бутун саодатларнинг, ҳузур-ҳаловатнинг, роҳат-фароғатнинг ва яхшиликларнинг бошидир. Уларнинг пайғамбар эканликларига ишонмаслик эса, бутун фалокатларнинг, ғам-ташвишларнинг, азоб-уқубат ва ёмонликларнинг бошланғичидир.

Расулуллоҳ “саллаллоҳу алайҳи ва саллам”нинг илм, ирфон, фаҳм, яқийн, ақл, заковат, сахийлик, тавозу’, ҳилм (мулойимлик), шафқат, сабр, ғайрат, ҳамийят, садоқат, амонат, шижоат, ҳайбат, мардлик, балоғат, фасоҳат, фатонат, малоҳат (гўзаллик), вароъ, иффат, каромат, инсоф, ҳаё, зуҳд ва тақволари бошқа бутун пайғамбарлардан зиёда эди. Дўст ва душманларидан кўрган зарарларини кечиб юборардилар. Ҳеч қайсиларига ёмонлик билан жавоб бермасдилар, яъни ўч ва қасос фикрида бўлмасдилар. Уҳуд жангида кофирлар, муборак гулдек яноқларини қонатиб, тишларини синдирган пайтларида, улар учун «Ё Рабби! Уларни авф этгин! Бу қилмишларини уларнинг жоҳилликларига йўйгин!»- деб дуо қилган эдилар.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг чиройли хулқ-атвор ва хислатлари жуда ҳам кўп бўлиб, ҳар бир мусулмон бу ахлоқни ўрганиши ва ўз хулқини ҳам шунга қараб тузатиши керак. Дунё ва охиратда фалокатлардан, азоб-уқубатлардан қутулиш ва ўша икки жаҳон сарварининг “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” шафоатларига ноил бўлиш, фақат мана шу тариқа насиб бўлиш мумкин. Чунки ҳадиси шарифда: «Аллоҳу таолонинг ахлоқи билан ахлоқланингиз!»- деб буюрилган.