Қадр кечаси

Савол: Қадр кечасининг аҳаммияти ҳақида маълумот берсангиз?

Жавоб: Лайла-тул-қадр (Қадр кечаси) - Рамазони шариф ойи ичидаги энг қийматли кечадир. Баъзи олимларга кўра мавлуд кечасидан кейинги энг қийматли кечадир. Қадр кечаси фақат бу умматга хос. Бошқа пайғамбарларга бундай фазилатли кеча берилмаган. Бир ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло Қадр кечасини умматимга ҳадя қилди, бошқа умматга бермади” деб марҳамат қилинди. (Дайламий)

Расулуллоҳга аввалги уматталарнинг умрлари қанча бўлганлиги билдирилганда ўз умматининг умри қисқалигини, узун умрли бўлган бошқа умматлар қилган солиҳ амалларни қила олмасликларини ўйлаб хомуш бўлганларида Аллоҳу таоло у зотга минг ойдан хайрли бўлган Қадр кечасини эҳсон этди. Аллоҳу таоло “Қадр кечаси Сенинг ва умматингники” деб буюриб, Ҳабибини хурсанд қилди. (И.Молик)

Расулуллоҳ жанобимиз “Бани Исроил пайғамбарларидан баъзилари 80 йил узлуксиз ибодатда бўлган” деганларида Асҳоби киром ҳайратда қолдилар. Жаброил алайҳиссалом келиб “Ё Расулуллоҳ, умматинг у пайғамбарнинг (бошқа ишлардан ташқари) саксон йил ибодатда бўлганига ҳайрат қилишмоқда. Аллоҳ сенга бундан-да яхшисини берди” деб “Қадр кечаси минг ойдан хайрлидир” маолидаги ояти каримани ўқиди. (Риёд-ун-носиҳин)

Балоғатга етиб, 50 йил яшаган киши 50 марта Қадр кечасини бошидан ўтказади. Бир кеча саксон йил қийматида бўлгани учун 50х80=4000 йилни ташкил этади. Тўрт минг йил ибодат қилгандек савобга эришади. Қадр кечаси ҳақидаги ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Тўрт кечанинг кундузи ҳам худди кечасидек фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кунларда дуо қилган кишининг дуосини рад қилмайди, уларни мағфират этади ва улар бу куни мўл эҳсонга эга бўладилар. Булар Қадр кечаси, Арафа кечаси, Барот кечаси, Жума кечаси ва кунларидир.” (Дайламий)

“Аллоҳу таолодан савобини умид қилиб, Қадр кечасини ибодат билан ўтказган кишининг гуноҳлари кечирилади.” (Бухорий, Муслим)

“Қадр кечасида бир марта Қадр сурасини ўқимоқ бошқа вақтда Қуръони каримни хатм этишдан ҳам савоблироқдир. Қадр кечасида бир субҳоналлоҳ, бир алҳамдулиллоҳ, бир ла илоҳа иллаллоҳ айтиш 700 минг тасбиҳ, таҳмид ва таҳлилдан қадрлидир. Бу кеча бир қўйни соғишга кетадиган вақт қадар (озгина вақт) намоз ўқимоқ, ибодат қилмоқ бир ой бўйи кечалари билан тонггача ибодат қилмоқдан ҳам қийматлидир.” (Тафсири муғний)

“Қадр кечасида уч марта “Ла илоҳа иллаллоҳ” деб айтган мусулмоннинг биринчисида бутун гуноҳлари кечирилади, иккинчисида Жаҳаннамдан қутулади, учинчисида Жаннатга киради.”(Тафсири муғний) 

Савол: Қадр кечасининг Рамазон ойининг айнан 27 кечаси эканлиги қатъийми?

Жавоб: Йўқ, қатъий эмас. Қадр кечаси рамазон ойининг ичида. Қадр кечасининг қайси кеча эканлиги аниқ маълум эмас. Олимларимиз “Аллоҳу таоло розилигини тоатда, ғазабини гуноҳларда, ўрта намозини беш вақт намозда, авлиёсини халқ орасида, Қадр кечасини рамазон ойи ичига яширган” деб айтадилар.

Шундай экан, Аллоҳу таолонинг розилигига эришиш учун ҳеч бир яхшиликни кичик деб ўйламаслик керак. Ғазаби гуноҳлар тагида яширингани учун ҳеч бир гуноҳга кичик деб менсинмасдан қўл урмаслик лозим, ўрта намозни бой бермаслик учун беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш керак, авлиё халқ орасида яширингани учун ҳар бир одам билан яхши муомалада бўлиш лозим. Ҳар кўрганни Хизр, ҳар кечани Қадр билиш керак.

Рамазони шариф ойининг 27 кечасини ибодат билан ўтказиш жуда савоблидир. Бир неча ҳадиси шарифнинг маънолари қуйидагича:

“Қадр кечасини рамазоннинг сўнгги ўн кунида изланг.” (Муслим)

“Қадр кечасини рамазоннинг сўнгги ўн кунининг 21, 23, 25, 27 ва 29 каби тоқ кечаларида ёки рамазоннинг сўнгги кечасидан ахтаринг. Савобидан умид қилиб, Қадр кечасини ибодат билан ўтказган кишининг гуноҳлари кечирилади.” (И.Аҳмад)

“Қадр кечаси рамазоннинг 27 кечасидир.” (Абу Довуд)

Имом Аъзам ҳазратлари Қадр кечасини кўпроқ рамазоннинг 27 кечасига тўғри келишини айтганлар. “Қадр кечасига тўғри келадиган бир кечани фарқига бормай ибодат билан ўтказган одам, Қадр кечасини ибодат билан ўтказгандек савобга эришади” ҳадиси шарифини назарда тутиб, кўпроқ тўғри келадиган 27 кечани ибодат билан ўтказса, бу кеча Қадр кечаси бўлмаса ҳам катта савобларга эришилади. Лайлатулқадрнинг қачон бўлишини сўраган бир зотга Пайғамбаримиз “Бу йил Қадр кечаси рамазоннинг биринчи кечаси эди, ўтиб кетди. Сиз 27-кечани ибодат билан ўтказинг! Рамазоннинг 27-кечасини ибодат билан ўтказган мўминга вужудидаги туклар сонича ҳаж, умра, шаҳид ва ғозий савоби берилади” деб марҳамат қилдилар. Яна бошқа йили шундай савол берилганида “Бу йил қадр кечаси ўтиб кетди. Лекин Рамазоннинг 27-чи кечасини ибодат билан ўтказсанг, албатта Қадр кечасининг савобига эришасан. Шафоатдан бенасиб қолмайсан” деб марҳамат қилдилар. Ҳазрати Оиша волидамиз сўраганларида эса, “13-чи кеча эди ўтиб кетди. Қадр кечасини ўтказиб юборган бўлсанг, олдинда 27-кеча бор, унга етасан. У кечани ибодат билан ўтказсанг, охират йўли учун озиқ сифатида шу кечадаги ибодат сенга кифоя қилади” деб айтдилар. Ҳазрати Оиша волидамиз “Расулуллоҳ Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида кўп ибодат қилардилар” деган. (Василат-ун-Нажот)

Муборак вақтларда гуноҳлардан узоқ туриш, тоат-ибодатларни ва ҳар турли хайрли ишларни кўпайтириш керак. Чунки Аллоҳу таоло тарафидан севилган кимса хосиятли вақтларда хайрли амаллар билан машғул бўлади. Бенасиб, севилмаган қули эса хосиятли вақтларни ёмон ишлар билан машғул бўлган ҳолда ўтказади. Ёмон ишлар билан шуғулланган кимсанинг бу иши азобларини янада шиддатлироқ бўлишига ва Аллоҳу таолонинг унга кўпроқ душман бўлишига сабаб бўлади. Чунки у бу қилиқлари билан вақтнинг баракатидан маҳрум қолган ва унинг ҳурмат-шарафини ерга урган бўлади.

Бу кечада ибодат қилишда илм ўрганиш, масалан, илмиҳол китобларини ўқиш, қазо намозларини ўқиш, Қуръони карим ўқиш, дуо-илтижо қилиш, тавба-тазарру этиш, садақа бериш, мусулмонларни хурсанд қилиш, бунинг савобларини ўлик-тирик барча мўминларга ҳадя қилиш керак. Лайлатулқадрни ибодат билан ўтказган, Рамазон рўзасини тутган, ҳажж ибодати қабул бўлган мусулмонларнинг барча гуноҳлари кечирилса ҳам, намоз-рўза қарзлари ва қул ҳақлари-қарзлари тўланган бўлиб қолмайди. Буларни қазо этиб, тўлаб, қарзларидан қутулиш керак.

Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечасида “Аллоҳумма иннака афуввун каримун туҳиббул афва фаъфу анний” дуосини ўқиш кераклигини айтганлар. Бунинг маъноси “Ё Рабби, сен авф этувчисан, каримсан, авф қилишни севасан, мени ҳам авф этгин” деганидир. 

Савол: Лайлатулқадр кечасида бир кунлик қазо намозини ўқиган одам минг ойлик қазо намозларини ўтаган бўлади деб айтишади. У ҳолда умуман намоз ўқимай юриб, Рамазон ойи келганда унинг ҳар кечасида бир кунлик қазо намозини ўқиб юрсак, албатта Лайлатулқадр кечасида ҳам намоз ўқиган бўламиз. Шу тариқа минг ойлик (83 йиллик) қазо намозидан қутулган бўла оламизми?

Жавоб: Меърож кечасида 100 ракат нофила намоз ўқиган одамнинг бир умрлик намоз қазолари кечирилиши ҳақида ҳам кўп айтилди. Агар диний масалаларда миш-миш гапларга ишониб, мўътабар китобларга мурожаат қилинмаса, мана шундай катта хатоларга йўл қўйилади. Ҳадиси шарифда “Қабул бўлган ҳаж ўтган гуноҳларни йўқ қилади” деб марҳамат қилинди. (Байҳақий)

"Лайлатулқадрни ибодат билан ўтказган, Рамазон рўзасини тутган ва ҳажж амали қабул бўлган мўминларнинг бутун гуноҳлари авфу мағфират қилинса ҳам, намоз, рўза ва инсонларга бўлган ҳақ-ҳуқуқ масалаларидаги қарзлари мағфират қилинмайди. Буларнинг қазоларини бажо келтириб, тўлаб, қарзларидан қутулиш керак." (Ҳадиқа)

Гуноҳларининг батамом кечирилиши ҳақидаги ушбу суюнчилардан фойдала олиш учун одамнинг аввало аҳли суннат эътиқодида бўлиши, бидъат иш қилмаслиги лозим. Бу кечада тоат-ибодат мақсадида илм ўрганиш, масалан, илмиҳол китобларини ўқиш, қазо намозларини ўқиш, Қуръони карим ўқиш, тавба-итстиғфор ва дуолар қилиш, садақа бериб, мусулмонларни хурсанд қилиш, мана шу хайрли амаллардан пайдо бўлган савобларини ўлик-тирик барча мўминларга ҳадя қилиш керак.

Савол: Қадр кечасининг ўзига хос аломатлари борми? Лайлатулқадрни бекор ўтказиб олмаслик учун Рамазоннинг кечаларини қандай ўтказишимиз керак?

Жавоб: Рамазон ойининг ҳар бир кечасини худди Қадр кечаси деб билиб ҳаракат қиладиган бўлсак, Лайлатулқадрни яхши кутиб олган бўлиб ҳисобланамиз. Лайлатулқадрни қўлдан чиқариб олмаслик учун Рамазони шарифнинг ҳар кечасида камида қуйидагиларни қилиш керак:

1. Хуфтон намозида Фотиҳа сурасидан кейин зам сура сифатида Қадр сурасини ўқиш.

2. Қадр кечаси ўқиладиган дуони ўқиш;

3. Бир-икки саҳифа Қуръони карим ўқиш;

4. Илмиҳолдан бир-икки саҳифа ўқиш;

5. Кам бўлса ҳам, садақа бериш;

6. Саҳарга яқин икки ракат намоз ўқиб, силсилаи олиядаги олимларга дуо этиш;

7. Кундузи ҳам кечасидек бебаҳо бўлгани учун кеча-кундузга бирдай ҳурмат кўрсатиш лозим.

Қадр кечасининг аломатлари:

Қадр кечаси ҳаво очиқ ва сокин, на иссиқ, на совуқ бўлади. Эртасига қуёш қизғиш бўлиб, кўзни қамаштирмай, порламасдан чиқади. Қадр кечасида итлар ҳуримайди деган олимлар ҳам бўлган. Убайд бин Умар ҳазратлари айтади: "Қадр кечаси денгизда эдим, денгизнинг сувини ичдим, шўр эмасди. Ширин ва хуш таъм эди."

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:

“Қадр кечаси ҳаво очиқ ва мулойим бўлади. Совуқ ҳам, иссиқ ҳам бўлмайди. Эртасига қуёш заиф ва қизғиш бўлиб чиқади.” (Табароний)

“Қадр кечасининг тонгида қуёш кўзни қамаштирмасдан чиқади. Тепага кўтарилгунга қадар худди катта бир лагандек бўлади.” (Муслим)

“Қадр кечаси ҳаво совуқ ҳам, иссиқ ҳам бўлмай, очиқ бўлади. Булут, ёмғир ва шамол бўлмайди. Бу кечанинг аломати эртасига қуёш заиф бўлиб чиқади.” (Табароний)

Савол: Қуръони каримнинг Қадр кечасида туширилгани Қадр сурасида билдирилган. Энди ушбу кеча нимага ҳар йили бир кунда турмай доим кўчиб юради? Ҳар йили Рамазоннинг турли кечаларига тўғри келади? Нимага доим бир кунда бўлмайди? Қамарий ойлар ҳам шундай. Рамазон ойи ёзга тўғри келганидек, қишга ҳам келади. Нимага доим бир вақтда бўлмай, йилнинг бутун ойларини айланиб чиқади?

Жавоб: Аллоҳу таоло кўкдаги ойни бутун йилни айланадиган қилиб яратган. Қамарий (ой ҳаракатига асосланган) йил 354 кундан иборат. Шамсий (қуёш марказли ер ҳаракатига асосланган) йилга қараганда 10 ёки 11 кун қисқароқ. Шунинг учун ҳар йили қамарий ой шамсийга нисбатан 10 кун олдинга қараб силжиб туради. Шу тариқа бутун йилнинг ойларини айланиб чиқади. Аллоҳу таоло шундай ихтиёр ва ирода қилди. Рамазон ойи ҳам шу тариқа йилнинг энг узун, энг қисқа, энг совуқ, энг иссиқ кунларини тўлиқ айланиб чиқади. Исломият бир минтақа учун эмас, бутун дунёга келган. Иссиқ ва совуқ ўлкалар ҳам бор. Кундузлари ёки кечалари қисқа ва узун ерлар ҳам бор. Барча учун айни бир вақтда такрорланиб келаверса, мусулмонларнинг иши қийин бўларди. Шунингдек яна анча ҳикматлари ҳам бўлиши мумкин.

Аллоҳу таоло Қадр кечасини Рамазон кечалари орасига яширган. Бир йил Рамазоннинг биринчи кечасига қўйса, кейинги йил Рамазоннинг еттисига қўйиши мумкин. Лайлатулқадр ўзга кечалардек "фалон ойнинг фалон куни" деб аниқ билдирилмасдан, яширилган. Бу кечанинг ойлар билан алоқаси йўқ, кечалар билан алоқаси бор. Рамазоннинг 27-сида Қуръони карим нозил бўлган бўлса, бу йил Қадр кечаси Рамазоннинг 3-га олинган бўлиши мумкин. Демак, бу муборак кеча Рамазоннинг 3-ига тўғри келади. Буни фаҳмлаш учуе Ой тушунчасидан четга чиқиш керак. Агар Аллоҳу таоло истаса, ҳар ойга бир-бирдан лайлатулқадр жойлаштирарди ва ҳар ойда Қадр кечаси бўлиши мумкин эди. Қуръони карим нозил бўлган бу кечани ҳар ой нишонлардик. Қуръони карим нозил бўлган кечанинг хосиятини, фазилатини ва баракатини Аллоҳу таоло ҳар йили бошқа-бошқа кечага беради.