...

Хатна (суннат) қилишнинг динимиздаги ўрни

Савол: Ўғил болаларни хатна қилдиришга бидъат деб, динда йўқлигини даво қилаётганлар чиқмоқда. У ҳолда 1400 йилдан буён неча-неча олиму авлиёлар, мужтаҳидлар ва бутун уммат ёппасига бидъат ишламоқдами?

Жавоб: Ҳозир мазҳаб ва машраби номаълум баъзи тентаклар диндаги дуч келган ҳукмга "бидъат" тамғасини босишга киришган даврдамиз. Бу гумроҳлар, гўё дин энди келгандек, гўё ушбу диннинг пайғамбари бўлмагандек, ҳар фурсатда динимиз ва Расулуллоҳ ворислари бўлмиш ислом олимларига эътироз қилишмоқда. Булар қиёмат аломатларидандир. Чунки ҳадиси шарифда“Қиёмат яқинлашганда одамлар аввалги олимларни жоҳиллик билан айблашади” деб башорат қилинган. (Ибни Асокир)

Ҳеч бир мусулмон, болани хатна қилдиришга бидъат демайди. Миссионерларнинг шундай уйдирмаларига мусулмонларнинг лаққа тушиши алам қиладиган ҳолат. Авваллари ўша миссионерчалишлар “кофир ижоди” деб мусумонларни технологияга ёв қилишга уринган эди. Энди эса, ҳамма нарсага бидъат деб мусулмонларни ўз динига ёв қилмоқчи.

Ўғил болани хатна қилиш, яъни суннат қилиш машҳур суннатлардандир. Буни билмайдиган мусулмон йўқ. Ҳатто бу амалнинг мусулмонликда суннат эканлигини кофирлар ҳам билади. Ғайримуслимлар ҳам намоз, ҳижоб ва хатна қилишни исломнинг асослари орасида эканлигини билади.

Хатна қилиш исломнинг ўзига хос хусусиятларидан, яъни шиоридир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Хатна қилиш эркаклар учун суннатдир.” (Табароний)

“Фитрий суннат бешта: Хатна қилиш, икки оёқ орасини туклардан тозалаш, тирноқ олиш, қўлтиқни туклардан тозалаш ва мўйловни қисқартириш.” (Бухорий)

“Иброҳим алайҳиссалом 80 ёшида [суннат амри келганида кечикмаслик учун] ўз ўзини хатна қилди.” (Бухорий)

“Суннат қилинмаган одам 80 ёшда бўлса ҳам, мусулмон бўлганида хатна қилинади.” (Байҳақий)

Расулуллоҳ мусулмон бўлган эркакка 80 ёшда бўлса ҳам хатна қилишни амр этардилар. (Табароний)

Суннат икки хил бўлади: Суннати завоид ва суннати ҳудо.

Суннати завоид: Расулуллоҳнинг турмуш тарзлари, яъни кийиниш, еб-ичиш, дам олиш, ётиш ва юриш-туришдаги одатларидир.

Суннати ҳудо: Азон, иқомат айтиш; жамоат билан намоз ўқиш каби амаллар бўлиб, булар ислом динининг шиоридири. Ўғил болаларни хатна қилиш ҳам мана шу суннатга киради. Бу суннатга араб тилида “хитан” дейилади. Бизда "хатна" ёки "суннатлаш" деб юритилади. Хатна қилдириш [хитан] ҳозирги даврда кишининг мусулмон эканлигига ягона далил, исломликнинг рамзи сифатида қаралмаса ҳам, оқил-болиғ бўлганларни ҳам хатна қилиш лозим. Иймонга келган қари одамнинг хатна қилиниши шарт эмас. Умуман хатна қилинмаса ҳам бўлади, деган мужтаҳид олимлар ўтган. Чунки хатна қилиш, аврат жойини бегонага кўрсатиш учун узр бўлмайди, дейилган.

Мусулмон бўлган қари эркак ва хасталар хатна оғриғига чидай олишмаса, суннат қилинмайди. (Ҳадиқа)

Болани суннат қилишнинг маълум бир ёши йўқ. Лекин етти билан ўн икки ёш ораси энг яхши вақт.

Хатна қилинмаганларда турли хасталиклар учрайди. Француз китоблари бу хасталикларни “Affection du Prepuce” номи билан билдирмоқда. Булардан бир нечтаси эса таҳликалидир. Шу сабабли Европа ва Америкадаги баъзи христианлар ҳам соғлиқ учун ўзлари ва фарзандларини хатна қилдиришяпти. Табобат орқали аниқланган фойдалари туфайли бугун хатна қилдириш тиббий зарурат ҳолига келди. Доктор Дубайс Рэймонднинг “Хатна ҳам худди чечакка қарши эмлашдек бутун эркакларга мажбурий бўлиш керак” сўзи буни таъкидламоқда.

Хатна тарихи жуда эски. Чунки пайғамбарларнинг одатидир. Пайғамбаримиз хатна қилишни фитратдан саналувчи беш нарсадан бири деб сифатлаганлар.

Мусулмон ўлкаларида ўғил болалар балоғат ёшига етишидан аввал тўй-тантана билан хатна, яъни суннат қилинади. Шунинг учун хатна қилишга халқ орасида "суннат тўйи" дейишади.

Юз йиллардан бери мусулмонлар болаларининг суннат тўйларига алоҳида аҳамият берганлар. Буни одатда оиладаги биринчи мурувват деб қабул қилишади. Хатна қилишга қарор берилганидан кейин ҳамма ўз ҳол-аҳволига қараб тайёргарликни бошлайди. Уйлар таъмирланиб, жиҳозлар янгиланади. Оила аъзоларига янги либослар олинади. Боланинг ётоғи безатилади. Одатда тикилган халта ичида муҳофаза қилинадиган муқаддас китобимиз Қуръони карим боланинг бош тарафига илинади. Моддий аҳволи яхши бўлган оилалар ён-теваракдан фақир болаларни ҳам қўшиб хатна қилдирарди. Бугун баъзи хайрия жамғармалари оммавий суннат тўйлари орқали ушбу чиройли анъанани давом эттирмоқда.

Қадимда суннат куни болага чиройли кийимлар кийдирилиб, минадиган той тайёрланарди. Дуолар билан ўғил бола от ёхуд тойга миндириларди. Сўнгра авлиё қабрлари зиёрат қилинарди. Кейин тўпланиб, ноғоралар чалиб, кўчаларни айлантиришарди. Уйга келганда бола совғалар, ҳадялар олмагунча отдан тушмасди. Яқинлари, қариндошлари ҳадяларни берганидан кейин дуолар билан отдан туширилиб, уйга олиб кириларди. Бугун хатна қилинадиган болани ясан-тусан қилиб, от ўрнига автомобилларда сайр қилдириш ҳам одат бўлган.

Хатнадан аввал ёки кейин Қуръони карим ва мавлуд ўқиларди. Суннат қилинадиган болани оилага энг яқин бир киши маҳкам тутиб туради. Ўз ишига уста, қўли енгил суннатчи ҳамма бир оғиздан айтган байрам такбирлари остида болани хатна қиларди. Дарров безатилган ётоғига ётқизилган болага “Мошаллоҳ, баракаллоҳ” деб хайрли дуолар қилишарди. Меҳмонларга шарбат, ширин чой ва шунга ўхшаган нарсалар икром этиларди. Шундан кейин меҳмонлар навбат билан боланинг ёнига келиб, ҳадялар бериб, тарқалишарди.

Саройдаги суннат тўйлари тилларда достон бўларди. Шаҳзодаларнинг суннат тўйларидан баъзилари ҳалигача одамларнинг оғзидан тушмайди. Бой-бадавлат оилаларнинг суннат тўйларида қайнаган қозондан фақиру фуқаро ҳам тўярди. Ҳаммага очиқ бўлган суннат тўйи дастурхони худди байрамдагидек хурсандчилик маконига айланарди. Қадимдан суннат маросимларида элга ош тарқатиш одат эди. Бундан ташқари шарбат ҳам бериларди.

Ҳозирги кунда аввалгидек ҳашаматли бўлмаса ҳам бу чиройли урф-одатимиз яна шундай хурсандчилик билан давом этмоқда. Лекин баъзи жойларда шу савабли тўйга ҳам ҳаром аралаштирилиб, ичкилик берилиши афсуски учрамоқда. Суннат бўлган бундай маросимларда ҳаром қилиниши катта гуноҳ бўлади. Мусулмон оилалар ундай ножўя ишлардан узоқ туриши керак.

Қурби етмаган одамнинг суннат тўйи қилиши керак эмас.

Савол: Фарзандимизнинг суннат тўйи учун ресторанни ижарага олдик. У ерда ичкилик ичганларнинг гуноҳи бизга ҳам ёзиладими? Мавлудни ҳам эркак-аёл аралашиб ўқишмоқда. Бунинг зарари борми?

Жавоб: Гуноҳ ҳамма жойда ва ҳар доим гуноҳдир. Лекин диний маросимларга ва масжидларда гуноҳ ишланиши каттароқ гуноҳ бўлади.

Савол: Мусулмон суннатчи топа олмасам, болани кофир докторга суннат қилдирсам гуноҳми?

Жавоб: Гуноҳ эмас. Эҳтиёж бўлганда кофир докторда даволаниш жоиз. (Ҳадиқа)

Савол: Кофирлар ҳам хатна қилдирса, хитан суннати ҳудо бўлишдан чиқиб қоладими?

Жавоб: Чиқмайди.

Савол: Болаларни хатна қилиш пайтида такбир айтиб туриш жоизми?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Онасидан суннатли бўлиб туғилган болани хатна қилайлик деб бир миқдор кесиб қон чиқариш керакми?

Жавоб: Йўқ, керак эмас. Суннатли туғилган болага баъзи жойларда нотўғри равишда “Пайғамбар суннати билан туғилибди” дейишади. Бу гап нотўғри. Пайғамбаримиз суннатли бўлиб туғилмаганлар. Суннатли ҳолда туғилиш баданий нуқсонлик саналади.

Савол: Пайғамбаримиз суннатли ҳолларича туғилмаганлармиди? Нимага нуқсонлик бўлади?

Жавоб: Йўқ, Пайғамбаримиз суннатланган ҳолда туғилмаганлар. Дунёга келганларидан кейин хатна қилинган ҳолатда кўрилганлар. Китобларда София хоним ва у ердагилар “Киндиги кесилган ва суннат қилинган ҳолда кўрдик” дейишган. “Киндиги кесилган” дегани туғма киндиги кесик эди дегани эмас. Чунки киндиги кесик бола она қорнида яшай олмайди. “Киндиги кесилган” дегани туғилганидан кейин киндиги кесилганлигини, яъни фаришталар кесганлигини билдиради. “Суннат қилинган ҳолда кўрдик” дейилган. Бундан, туғилгач фаришталар томонидан хатна қилинганликлари маълум бўлади.

Савол: Болани хатна қилдириш учун муайян кун борми?

Жавоб: Муайян кун йўқ. Ҳафтанинг дуч келган кунида суннат (хатна) қилдириш мумкин.

Савол: Мусулмон бўлган қари одам хатна қилдирмаса, гуноҳ бўладими?

Жавоб: Йўқ, гуноҳ бўлмайди. Лекин фарзандини хатна қилдириш Исломнинг шиори бўлган суннатлар туркумидандир. Бу суннатни бир одам қилмаса, суннат тарк этилган бўлади. Лекин бир шаҳар, қишлоқ аҳли бу суннатни оммавий тарк этса, Исломнинг рамзи йўқолиши хавфи туғилганидан Ислом давлати улар билан курашади.

"Ўғлини хатна қилдириш исломиятнинг шиоридир. Бир қишлоқ аҳли болаларини суннат қилдиришдан бош тортса, мусулмонлар халифаси шу суннатнинг бажарилиши учун керакли тадбирларни олади." (Дурр-ул мухтор)

Азон айтмоқ, масжидда жамоат билан намоз ўқимоқ ҳам исломнинг шиоридан бўлган суннатларга киради. Мусулмон бир шаҳар аҳлидан ҳеч ким азон айтмаса, масжидга бормай қўйса, Исломнинг шиори бўлган суннатлар йўқолиш таҳликаси пайдо бўлгани сабабли мусулмонлар халифаси буларнинг бажарилиши учун керакли ҳарбий ё сиёсий чора-тадбирлар ишлатади.

"Бир шаҳар ё қишлоқда азон айтилмаса, ислом ҳукумати буни мажбуран қилдириши керак." (Фатавои Қозихон)