...

Ота-онанинг динга зид буйруқлари

Савол: Ота-онам рўмол тақишимга қарши. Эътироз қилсам, ота-она ҳақлари ҳақида гапиришади. Нима қилишимни тавсия қиласиз?

Жавоб: Ота-онанинг динга зид бўлмаган амрлари бажарилади. “Ичкилик ич, намоз ўқима, ўранма” дейдиган бўлса, бу амрлари бажарилмайди. Бундай амрларни бажармаган фарзанд ота-онасига осий бўлмайди. Фарзандларини динга мос тарбияламаган ота-онанинг фарзанди устида ҳаққи бўлмайди. Ота-онангизни ранжитмасдан ҳал қилишга урининг. Сизнинг динга амал қилишингиздан ота-онангиз ҳузурсиз бўлса, бунинг сизга зарари бўлмайди. Ким нима деса ҳам ҳижобга риоя қилиб, намоз ўқишда давом этишга ҳаракат қилишингиз керак.

Бўш вақтларингизда қуйидаги ёзувларни уларга ўқиб берасиз. Қуръони каримда маолан буюрилдики:

(Эй оила раислари) ўзингизни ва оила аъзоларингизни жаҳаннам оташидан муҳофаза қилинг!” (Таҳрим, 6)

Ҳадиси шарифда ҳам марҳамат қилиндики:

“Барчангиз чўпонсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан масъулсиз. Чўпон сурувини ҳимоя қилганидек сиз ҳам уйингиз ва амрингиз остида бўлганларни жаҳаннамдан ҳимоялашингиз керак. Уларга мусулмонликни ўргатмасангиз, масъул бўласиз.” (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, И.Аҳмад, Табароний)

Савол: Отам “Қизим ҳижобни ечмасанг, сендан рози эмасман” деяпти. Мен отамнинг кўнглини оғритмаслик ва отам рози бўлиши учун ҳижобни ташласам гуноҳ бўладими? Эрим ҳам ҳижоб кийишимни истамайди. У ҳам “Мен ҳам рози эмасман” деяпти.

Жавоб: Динга зид келадиган ишда ҳеч кимнинг гапига қулоқ солинмайди. Ота-она, эр ва бошлиқ ҳам амр этса, буйруқлари бажарилмайди. Ҳадиси шарифда “Холиққа исён бўлган ишда махлуққа итоат қилинмайди” деб марҳамат қилинган. (Ҳаким)

Яъни Аллоҳга қарши, гуноҳ бўладиган ишда, махлуққа, яъни инсонларнинг буйруғига бўйсунилмайди. Айтилган иш Аллоҳнинг розилигига мос бўлмаса, ота-она ёки эри айтса ҳам, фарқи йўқ, кўнгли оғритиган, ранжитилган бўлмайди. Баддуолари ҳам ўтмайди. Ота-она ёки эрнинг ҳурмати учун гуноҳ қилинмайди. Уларга ота-оналик ҳаққики ёки эр ҳаққини ким берган? Албатта, Аллоҳу таоло! Сизни ҳам уларга омонат қилиб берган яна Аллоҳнинг ўзи. Нимага улар сизнинг ҳақингиз ҳақида лом-мим дейишмайди-ю фақат ўз ҳақларини рўкач қилишади? Барчамиз, аввало, Аллоҳу таолонинг ҳаққига, яъни динимизнинг амр ва тақиқларига риоя қилишимиз керак.

Савол: Ўгай отам Аллоҳга ишонмайди, пайғамбаримизни ҳақорат қилади. Унинг розилигини олишим керакми?

Жавоб: Ундай одамга динсиз дейилади. Динсиз отанинг розилигини олиш керак эмас. Ҳатто ўз ота-онаси бўлса ҳам, агар динсиз бўлсалар, қўлларини ўпиб, ҳар бир айтганларини бажо келтириш жоиз эмас.

Савол: Отам вафот этганида васиятини ўқидим. “Ўғлим, кафаннинг чўнтаги йўқ. Қабрга ҳеч нарса олиб кета олмайсан. Шунинг учун замонавий бўл! Еб-ич, ўйнаб-кул, ҳаётингни яша! Қолоқ диндорлар каби дунё неъматларидан маҳрум қолма” дебди. Отамнинг васиятига амал қилишим керакми?

Жавоб: “Аллоҳга исён бўладиган ишда бандага итоат қилинмайди” деган буйруққа биноан, ота-онанинг гуноҳ бўлган васиятлари бажарилмайди. Агар бажарадиган бўлса, Аллоҳга исён қилинган бўлади.

Очиқча айтмаса ҳам отангизнинг атеист бўлиб ўтгани маълум бўлмоқда. Атеист ўлимдан кейинги ҳаётга ишонмагани учун “Қабрга мол олиб кета олмайсан, ўлганингдан кейин тупроққа айланасан. Нима қилсанг шу дунёда қилганинг фойда. Бу эса замонавийликдир. Қолоқ диндорлар каби мол-мулкингни хайр-эҳсонга, фақирларга сарфлама” демоқчи бўлибди. Қолоқ деганда мусулмонларни назарда тутган. Атеистлар мард бўлмагани учун тўғридан "мусулмон" дейишга ҳайиқиб, "қолоқлар" деб атайди.

Динсиз, даҳрийларнинг кўпчилиги халқ орасида айбланишдан қўрқиб, “Биз ҳам мусулмонмиз, лекин унчалик муккамиздан кетмаганмиз. Ароқ ҳам ичамиз, ибодат ҳам қиламиз” дейишади. Ароқ ичишлари тўрию лекин ибодат қилишлари ёлғон. Чунки ибодат қилганларни "қолоқ" деб атайдиган кимсалар қанақасига ўзлари айблаган ишни қилсин.

Мусулмон отанинг васияти қуйидагича бўларди:

“Ўғлим, ўлгандан кейин абадий ҳаёт бошланади. Ўша ҳаётга тайёрланиш лозим. У ёқда керак бўладиганларни бу ердан олиб кетиш керак. Дунё охиратнинг полизидир. Бу ерда нима эксанг, охиратда шуни ўрасан. Аввало намозингни оқсатма, сўнгра хайр-эҳсонни тарк этмаки, охиратда фойдаси тегсин.” 

Савол: Ота-она фарзандига динга тўғри келмайдиган ишни буюрса, “Айтганимизни қилмасанг, сендан рози эмасмиз” дейишса, бажармасак баддуо қилишса, буларнинг зарари бўладими?

Жавоб: Ноҳақ қилинган баддуо қабул бўлмаганидек, “Сендан рози бўлмаймиз” дейишлари ҳам ҳеч нарсага арзимайди. Чунки фарзандини ислом тарбияси билан вояга етказмаган, яъни аҳли суннат эътиқодини ўргатмаган ота-онанинг фарзанди устида ҳаққи қолмайди. Парваришлаб, боққанлари учун фақатгина моддий ҳуқуқларигина қолади. Маънавий ҳақлари бўлса ҳам, гуноҳ бўлган буйруқлари бажарилмайди. Лекин барибир, ота-она билан тортишмаслик керак, ножўя буйрулқрини бжо келтирмаслик учун узр сўраб бошқа баҳоналар топиш лозим. Вазиятни доимо назоратда ушлашга ҳаракат қилиш керак.