Қиз фарзанд бир неъмат

Савол: Хотини қиз туққанда ранжийдиганлар бор. Қиз фарзанднинг динимиздаги ўрни қандай?

Жавоб: Қиз фарзанд кўрганда хафа бўлиш, айниқса хотинини айблаш жуда нотўғри иш. Қуръони каримда маолан: “Аллоҳ истаган одамига қиз, истаганига ўғил фарзанд беради. Хоҳлаганига ўғил ҳам, қиз ҳам беради. Хоҳлаган одамини бепушт қилиб қўяди. Албатта У (барча нарсани) билгувчи ва (Ўзи истаган нарсани яратишга) қодирдир.” дейилган. (Шўро, 49-50)

Пайғамбаримиз: “Қиз фарзандларингизни хор кўрманг” деб буюрганлар. Уларни хор кўриш динни билмасликдан юзага келади. Аввало хайрли фарзанд сўраш керак. Хайрли бўлмаганидан кейин қиз ёки ўғил нима фарқи бор?

Динимизда аёлнинг ва қиз фарзандларнинг фазилати катта. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Қизларингизни олтин ва кумуш билан безатинг! Либослари чиройли бўлсин! Эътибор қозонишлари учун энг гўзал ҳадялар эҳсон қилинг!” (Ҳаким)

“Қиз фарзандини чиройли тарбия қилиб, Аллоҳу таоло берган неъматлар билан мўл-кўл едириб-кийинтирса, бу қиз фарзанд унга барокат бўлади. Жаҳаннамдан қутулиб, осонлик билан жаннатга киришига васила бўлади.” (Табароний)

“Иккита қиз фарзандига чиройли муомала қилган киши мутлақо жаннатга киради.” (Ибни Можа)

“Икки қизи ёки иккита синглиси бўлиб, уларнинг еб-ичиш ва кийим-кечагини чиройли қилиб таъминлаган киши билан жаннатда бирга бўламиз.” (Термизий)

“Бозордан олган нарсаларини ўғлидан аввал қизига берган кишига Аллоҳу таоло раҳмат билан назар солади. Аллоҳу таоло раҳмат билан назар қилган бандасига азоб бермайди.” (Ҳароитий)

“Бозордан уйига янги пишган мевалар олиб келган киши садақа савобига эришади. Келтирган меваларни ўғилларидан аввал қизларига берсин! Хотин-қизларини хурсанд қилган одам Аллоҳ қўрқувидан йиғлаганлардек савоб олади. Аллоҳ қўрқувидан йиғлаган одамнинг бадани эса, жаҳаннамга ҳаром бўлади.” (Ибни Адий)

“Уч қизига улар эҳтиёждан қутилгунча яхши қараб, едириб-кийинтирган киши, албатта, жаннатга киради.” (Абу Довуд)

“Уч қиз ёки опа-сингилларининг тирикчилик ва бошқа ташвишларига тоқат қилган кишини Аллоҳу таоло жаннатга киритади.” Асҳоби киромдан бири “Иккита бўлса ҳамми?” деб савол берганида Пайғамбаримиз “Ҳа, иккита бўлса ҳам шундай”деб марҳамат қилдилар. Бошқа бири “Битта бўлса-чи?” деганида “Битта бўлса ҳам айни” деб жавоб бердилар. (Ҳаким, Ҳароитий)

Кўриб турганимиздек, хотин-қизлар қадрини билмаганлар мусулмонликни билмайдиган кимсалардир. Мусулмон одам динини яхшилаб ўрганиб, аёл кишига лойиқ бўлган қадру қийматни бериши керак. 

Савол: Мерос ҳақлари турлича бўлгани сингари ақиқа масаласида ҳам ўғил фарзандга иккита, қиз учун битта ақиққа моли сўйилади. Бу фарзандлар орасини ажратиш эмасми? Қиз фарзандга нима учун камроқ эътибор берилган?

Жавоб: Динимизда хотин киши мерос олишга муҳтож қилиб қолдирилмаган. Унинг бутун эҳтиёжларини отаси, эри, ака-укаси ва амаки каби яқинлари таъминлашга мажбур. Қарайдиган ҳеч бир қариндоши бўлмаса, унинг эҳтиёжларини Байт-ул мол (давлат ҳазинаси) таъминлайди. Аёл киши ишлаб пул топишга мажбур эмас. Эркаклар зиммасига шунча жавобгарчилик ортилгани боис аслида мероснинг барчасини олишга ҳақли бўлишса ҳам, динимиз шунга қарамай аёлларга ҳам меросдан улуш ажратган. Икки ақиқа сўйиш ўрнига бир ақиқа сўйиш қиз боланинг фазилатини кўрсатади. Яъни қиз учун сўйилган бир ақиқа ўғил фарзанд учун сўйилган икки ақиқа савобига тенг. Динимиз аёлларга катта обрў-эътибор берган. Ҳадиси шарифларда маолан марҳамат қилиндики:

“Кимнинг қиз фарзандлари бўлиб, уларнинг ташвишларига чидаб, яхши етиштирса ва тенгига турмушга берса, бу қизлари у учун жаҳаннамга парда бўлади.” (Термизий)

“Тунғич фарзандининг қиз бўлиши аёлнинг барокатидандир.” (Ибни Асокир)

“Уч қиз фарзанд тарбилаб, турмушга берган ва уларга яхшилик қилган одам жаннатга киради.” (Бухорий)

Хотин-қизларни паст кўрадиган, улар қадрини оёқости қиладиганлар мусулмонликдан бехабар саводсизлардир. Динини биладиган мусулмон эр киши, қизлари ва хотинига керакли ҳурматни кўрсатади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Хотинлар қадрини фақат аслзода ва шарафли кишилар билади. Уларни фақат ёмон ва пасткаш кимсалар хор кўради.” (Ибни Асокир)

“Аллоҳу таолодан хайрли фарзанд сўрадим. Менга қиз фарзандлар эҳсон қилди.” (Ширъа)

“Қиз фарзандларни хор кўрманг. Чунки мен қизлар отасиман.” (М. Жинон)

Пайғамбаримиз қизлар отаси эканлигидан фахрланганлар. Бу далиллар олдида ҳеч кимнинг исломият хотин-қизларга паст назар билан қараган дейишга ҳаққи йўқ. 

Эрамиздан аввалги давр инсонлари 300, 500, ҳатто 1000 йил умр кўриб, ибодат қилишарди. Пайғамбаримиз: “Ё Рабби, умматимнинг умри қисқа. Бошқа умматлар кўп яшаб, кўп савоб қозонди. Умматимнинг ҳоли нима бўлади?” деганларида, Аллоҳу таоло: “Мен умматингга минг ойдан хайрли бўлган Қадр кечасини бердим” деб жавоб берди. Минг ой 83 йилга тенг бўлади. 50 йил бўйича доимо лайлатулқадрда ибодат қилган бир мусулмон 4000 йилдан ортиқ ибодат қилгандек савоб қозонади. Бу умматнинг қисқа яшаши, оз ибодат қилиши камчилик эмас, аксинча фазилат деб баҳоланди. Бу умматнинг оз ибодати бошқа умматларнинг кўп ибодатларидан устун бўлганидек, қиз фарзанд учун сўйилган бир ақиқа ҳам ўғил фарзанд учун сўйилган икки ақиқага тенг келмоқда. Динимиз қиз бола учун шундай қулайликни муносиб топган. Бу ҳам қиз фарзанднинг обрўйини кўрсатиб турибди.