Ҳақиқий дўстлар

Машҳур ҳадис олимларидан Воқидий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари баён қилади:

“Бир гал пулим қолмай анчагина қарзланиб қолдим. Байрам ҳам яқинлашиб қолганди. Аёлим “Бизку йўқчилик ва етишмовчиликка сабр қиламиз. Лекин шу болаларимизнинг ҳоли нима кечади? Улар ҳар куни қўшни болаларни безанган ва чиройли кийимларда кўришади. Бизнинг фарзандларимиз эса, йиртиқ-ямоқ кийимлар кийишган. Ҳеч бўлмаса шуларнинг кийимларига сарфлайдиган пул топсангиз” деб йиғлаб-сиқтади.

Дарҳол Ҳошимий деган дўстимнинг олдига бордим. Аҳволимни тушунтириб, ёрдам беришини илтимос қилдим. У ичида минг дирҳам (кумуш танга) борлигини айтиб, оғзи муҳрланган бир халта берди. У ердан чиқишим билан бошқа дўстимга дуч келиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашганимда шошилинч пул кераклигини айтиб қолди. Мен ўйлаб ўтирмай ҳалиги муҳрланган халтачани унга бериб юбордим. Кейин қуруқ қўл билан уйга боришга аёлимдан уялиб, кечани масжидда ўтказдим. Эрталаб уйга келиб, бўлиб ўтган воқеани айтиб берганимда негадир мени айбламади. "Яхши қилибсиз"-деди.

Нима қилишимни билмай чорасиз аҳволда ўтирганимда дўстим Ҳошимий қўлида кечаги муҳрланган халтачани кўтарганча келиб қолди. “Менга тўғрисини айт, кеча мен сенга берган пулни нима қилдинг?”- деди. Мен ҳам яширмай ҳаммасини бирма-бир айтиб бердим. Шунда у “Кеча мендан ёрдам сўраганингда сенга бериб юборган ўша пулдан бошқа ҳеч вақом йўқ эди. Ўзим ҳам жуда муҳтож бўлиб тургандим. Сен кетганингдан кейин қарзга пул топиш учун кўчага чиқдим. Бироз юриб, бир дўстимни учратиб қолдим. Қийин аҳволда эканлигимни айтиб, қарз сўраганимда бир халтача узатди. Не кўз билан кўрай, у сенга ўзим берган халтача эди. Довдираб, бир тангасини ҳам харж қилмай, сирини билгани келдим.”- деди. Бир халта пул умуман сарфланмасдан уч марта қўлдан қўлга ўтиб, биринчи эгасига қайтиб келган эди.”

Воқидий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари айтдики: “Бу хабар тезда шаҳарга овоза бўлиб, халифа Маъмунга етгач, мени чақиртириб воқеанинг аслини суриштирди. Мен бўлиб ўтганларни халифага айтиб бердим. Менга етти минг динор (олтин пул) берилишини амр этди. Уч дўстдан ҳар биримизга икки мингдан, аёлимга эса минг динор совға қилди.”