Барака ва баракасизлик

Савол: Барака, баракасиз дегани нима?

Жавоб: Барака дегани озгина молнинг фойдаси кўп бўлиши, кўп ишга яраши деганидир. Озгина мол баракали бўлса ҳам, кўп кишининг эҳтиёжига, кўп яхши ишлар қилинишига сабаб бўлади. Баракасиз бўлган моллар эса соҳибининг дунё ва охиратда фалокатига сабаб бўлади. Шундай экан, мол-мулкнинг кўп бўлишини эмас, баракали бўлишини хоҳлаш керак.

Ризқ ўзгармайди, камаймайди ва кўпаймайди. Ҳеч ким бировнинг ризқини ея олмайди. Ҳеч ким ўз ризқини еб тугатмасидан ўлмайди. Бир киши Аллоҳу таоло амр этгани учун меҳнат қилиб, ризқини ҳалол йўлдан изласа, азалда белгиланган ризқига қовушади. Бу ризқ унга баракали бўлади. Агар ризқини Аллоҳу таоло тақиқлаган жойлардан изласа, яна ўша азалда белгиланган ризқига қовушади. Лекин бу ризқ унга баракасиз, хайрсиз бўлади. Ризқига эришиш учун ишлаган гуноҳлари уни фалокатга етаклайди.

Ислом олимлари айтадики:

“Уйда Қуръони карим бўлиши баракадир. Яхшилик қилувчи кишининг моли баракали бўлади. Асҳоби Қаҳф ва Асҳоби Бадрнинг исмлари ёзилган қоғозни уйда ва ёнида олиб юришда барака бор. Полизни таҳоратсиз ҳайдаш баракасизликка сабаб бўлади. Устозига ҳурмат кўрсатмаган кишининг топишида барака бўлмайди. Саҳар вақти уйқудан туриш баракадир.”

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Овқатни оила аъзолари билан бирга ўтириб ейишда барака бор.” (Ибни Можа)

“Бисмиллоҳ билан ейилган таом баракали бўлади.” (Ибни Можа)

“Барака овқатнинг ўртасига ёғади. Шунинг учун бир чеккасидан енглар, ўртасидан еманглар!” (Термизий)

“Саҳарда ва саҳарлик таомда барака бор.” (Табароний)

“Овқатдан олдин ва кейин қўлини ювган кишининг уйида барака ортади.”(И.А.Шайба)

“Қайноқ овқатда барака бўлмайди.” (Дайламий)

“Асалда барака ва шифо бор.” (Т.Ғофилин)

“Сирка (уксус)да, хурмода, сутда барака бор.” (Ибни Можа)

“Ризқига рози бўлган кишининг баракаси ортади, рози бўлмаган кишиники эса баракасиз бўлади.” (Аҳмад)

“Савдо-сотиқда кўп қасам ичиш молнинг баракасини кетказади.” (Муслим)

“Тижоратда барака бор. Тижоратга ёлғон, хиёнат аралашганида ундан барака қочади.” (Бухорий)

“Барака улуғларингиздадир.” (И.Рофий)

“Илк фарзандининг қиз бўлиши аёлнинг баракасидир.” (Ибни Асокир)

“Қиз фарзанд баракалидир.” (Дайламий)

“Фарзандсиз уй баракасиз бўлади.” (Абушшайх)

“Уйингга кирганингда уйдагиларга салом бер, токи уйнинг яхшилиги ва баракаси ортсин!” (Ҳароитий)

“Дуо умрнинг баракасини орттиради.” (Термизий)

“Қуръон ўқилган уйнинг баракаси ортади. Қуръон ўқилмаган уй баракасиз бўлади.” (Доримий)

“Меҳмон минг барака ва минг раҳмат билан келади.” (Нисоб-ул аҳбор)

“Уйидан эрта чиққан кишининг иши баракали бўлади.” (Баззор)

“Йўлга чиқаётганида дўстлари билан хайрлашган киши уларнинг дуолари билан баракага қовушади.” (Дайламий)

“Ота-онасига хизмат қилган фарзанднинг умри баракали, уларга қарши чиққаннинг эса баракасиз бўлади.” (Ислом ахлоқи)

“Муҳаммад исмли одам бўлган уй ва ерда барака бўлади.” (Дайламий)

“Бомдод намозининг суннатини уйда ўқиш ризқнинг баракасига сабаб бўлади.”(Имод-ул ислом)

“Намоз ўқиган кишининг ризқи баракали бўлади.” (М.Жанна)

“Насияга сотишда, қарз беришда ва арпа аралашган нонда барака бор.” (Ибни Можа)

“Уйда ахлат йиғилиб қолиши баракасизликка сабаб бўлади.” (Дайламий)

“Қўшиқчи ва судхўрларнинг топишида барака бўлмайди.” (Дайламий)

“Бир жамоатда бири сўзлаётганда бошқалари жим бўлмаса, у ер баракасиз бўлади.” (Байҳақий)

Савол: Уйда чиқинди сақлашнинг баракасизликка сабаб бўлиши билдирилган. Ахлат қутисининг оғзини бекитиб қўйсак ҳам баракасизликка сабаб бўладими?

Жавоб: Ахлат-чиқиндилар очиқда бўлмаса, оғзи берк идишда бўлса, кўринмаса, баракасизликка сабаб бўлмайди.