Зарурат ва фитна пайтида

Савол: Ҳаромга ҳалол ёки ҳаром нарса учун Аллоҳ рози бўлсин деган одамнинг кофир бўлиши дин китобларида ёзилган. Биз намоз ўқийдиган ҳижобли аёллармиз. Тўй-байрамларда баъзан бегона эркаклар билан қўл олишиб ёки юзимизни юзига текказиб кўришишга тўғри келади. Бизни ўпган қари эркакларга Аллоҳ рози бўлсин десак куфр бўладими? Мақсадимиз ҳаромга ҳалол дейиш эмас. Ташаккур айтишга ўхшаган нарса. Шунда ҳам барибир куфрга тушган бўламизми? Баъзилар сиз куфрга тушяпсиз дейишмоқда.

Жавоб: Бир ҳадиси шариф маоли қуйидагича:

“Билмасдан туриб фатво берган одамга ердаги ва кўкдаги фаришталар лаънат айтишади.” (Ибни Лаъл)

Мусулмонга кофир дейиш жуда таҳликали. Бундай ҳолатдан қутулиш йўли бор бўлса, шуни топиш керак. Чунки қайси сўз куфр, қайси сўз куфр эмас, билиш шарт. 99 нафар олим, бир нарсага куфр деса, бир олим куфр эмас деса, шу туфайли кишига кофир дейилмайди. Ҳанафий мазҳабидаги бутун олимлар бир нарсага куфр десалар, бошқа мазҳабдаги бир олим бу нарса куфр эмас деса, яна у кишига кофир дейилмайди. Шунинг учун бу борада жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Масъулиятсиз кишилар дарров "ҳаром", "ҳалол" деб тортинмасдан айтишади. Билмасдан, китобга қарамасдан, "жоиз", "жоиз эмас" деган гапларни айтишдан жуда эҳтиёт бўлиш керак. Ҳаромдан қўрқмаган, гуноҳ ишлашга жасорат қилган одам жоҳилдир. Дарҳақиқат “Жоҳил киши жасур ва журъаткор бўлади” дейилади. Бу сўз “Жоҳил киши гуноҳ ишлашдан қўрқмайди” деганидир. Ҳадиси шарифда “Фатво беришда энг журъаткор бўлганингиз оловга [жаҳаннамга ташланишга] энг журъаткор бўлганингиздир” деб марҳамат қилинган. (Доримий)

“Мажалла” китобида айтиладики:

Заруратлар маън этилган нарсани мубоҳ қилади. Яъни тақиқланган нарсаларнинг тақиқи зарурат давом этаётган муддатча бекор қилинади. (21-модда)

Зарурат бўлганида ҳаром бўлган нарса дори сифатида ишлатилиши мумкин ва шифо ҳосил бўлади. Ҳолбуки жаноби Пайғамбаримиз “Ҳаромда шифо йўқ” деб марҳамат қилганлар. Ҳаром бўлган нарса қанақасига шифо бўлиши мумкин деб ўйлашимиз мумкин. Ҳа, ҳаромда шифо бўлмайди. Зарурат бўлганида ҳаром мубоҳ ҳолга келади. Мубоҳдан эса шифо ҳосил бўлади.

Кунимизда эркаклар учун бегона аёл билан қўл олишиб кўришишдек бир зарурат ҳосил бўлиши мумкин. Бундай зарурий ҳолатларда ҳаром бўлган фитна чиқишига имкон бермаслик учун қўл олишиш мубоҳ бўлади. Мубоҳ бўлган иш учун ташаккур, Аллоҳ рози бўлсин дейишга куфр бўлади, дейиш тўғри эмас.

[Лекин зарурат ва фитна пайтларида бажарилиши жоиз бўлган нарсаларни бошқа вақтларда, яъни фитна ва зарурат бўлмаган ҳолатларда ишлаш дуруст эмас.]

Баъзи аёллар электрон мактуб, телефон орқали “Юзингиздан ё қўлингиздан ўпдим” дейишади. Шахсан қўлини ўпиш билан ўпдим деб айтиш бир хил нарсалар эмас. Масалан, эски одатимизга бўйича, хат ёзганда “Катталарнинг қўлларидан, кичикларнинг кўзларидан ўпдим” деб ёзардик. Ҳолбуки кўздан ўпилмайди. Бу севгини, эҳтиромни билдирадиган ифода. Ҳатто ёши катта бўлган ҳар одамнинг қўлини ўпавериш ҳам дуруст эмас. Фақатгина ота-она ва олимнинг қўли ўпилади, дейилади китобларда. Лекин баъзи ўлкаларда урф-одат бўлгани учун, фитна чиқармаслик мақсадида амаки, тоға, амма ва холанинг қўлини ҳам ўпиш мумкин. Ҳатто бегона бўлган чол-кампирнинг ҳам қўлини ўпишга бўлади. Бундай ҳолдаги кишига “Ота-онадан бошқасининг қўли ўпилмайди, сиз ҳаромни мубоҳ деб санадингиз, шунинг учун кофир бўлдингиз” дейиш нотўғри. Бир кампирнинг қўлини ўпсак, у ҳам “Болам, Аллоҳ рози бўлсин” деса, онахонга “Ҳаром ишга Аллоҳ рози бўлсин дедингиз, бу билан куфр қилдингиз” дейиш ҳам нотўғри.

Савол: Зарурат бўлганида бегона аёл билан қўл олишиб кўришиш жоиз бўлади, дейилади. Заруратни баҳона қилиб, ҳаром ишлаш жоизми?

Жавоб: Зарурат ҳолида ҳаром бўлган бир ишни зарурат битгунча ишлашнинг жоиз эканлиги бутун фиқҳ китобларида ёзилган. “Мажалла” китобида айтиладики:

Заруратлар тақиқланган нарсани мубоҳ қилади. Яъни тақиқланган нарсаларнинг тақиқилиги зарурат давом этган муддатга бекор қилинади. (Моида, 21) Бир нечта мисол келтирамиз:

1. Тўнғиз гўшти ейиш ва спиртли ичимлик ичиш ҳаром. Агар зарурат бўлса, зарурат тугагунча мубоҳ бўлади. Яъни очдан, ташналикдан ўлмаслик учун тўнғиз гўшти ейилади ва шароб ичилади. Буларни емасдан очидан ўлган одам ҳаром қилган бўлади.

2. Фоиз-рибо ҳаром. Зарурат бўлганида керакли миқдори мубоҳ бўлади.

3. Аёлларнинг сочларини бегоналар олдида очиши ҳаром. Зарурат бўлса, зарурат тугагунча мубоҳ бўлади.

Худди шулардек, зарурат бўлганида бегона аёллар билан қўл олишиб кўришиш ҳам жоиз. Масалан, ислом ўлкасидаги давлат раҳбари бошқа ўлкалардан келган аёл раҳбар, вазирлар билан қўл олишмаса, фитнага сабаб бўлади. Фитнага сабаб бўлиш эса ҳаромдир.