Назр қилиш ва шам ёқиш

Савол: Мақбараларга келиб қўй сўйишни назр қилиш ва у жойларда шам ёқиш хурофотми?

Жавоб: Бу нарсалар янгидан чиққан эмас. Фиқҳ китобларимизда барчаси батафсил тушунтирилган:

Бир назрни Аллоҳу таоло учун назр қилиш ва мақбаралардаги фақирларга бериш керак. “Ё Рабби! Хасталигимга шифо берсанг, фалон авлиёнинг мақбараси ёнидаги фақирларга шу пулни сен учун назр қилдим. Садақа савобини эса бу авлиёнинг руҳига бағишладим” дейиш лозим. (Радд-ул мухтор)

Имоми Субкий айтдики: “Расулуллоҳ билан тавассул қилиш, яъни у зотдан шафоат сўраш жуда чиройли амал. Буни фақат Ибни Таймия инкор қилди. Шу тариқа тўғри йўлдан ажралди. Расулуллоҳ ҳаққи учун деб ёки Расулуллоҳнинг вориси бўлган авлиёлар ҳурматига Аллоҳу таолодан бир нарса сўрашнинг жоиз эканлигини Маъруф Карҳий ҳам билдирган. Ҳохлаган бир мужтаҳиднинг жоиз деган бир ишини қилганга моне бўлмаслик керак. Шунинг учун қабр зиёрат қилувчиларга, хаста яқинининг шифо топиши ёки йўқолган нарсасини топиш учун уларга назр қилган мўминларга моне бўлмаслик лозим. Назр қилаётганда "авлиёга назр" дейиш мажоз бўлиб,аслида мақбарада хизмат қилаётганларга назр деганидир. Ўтган авлиёларга тил текказиш, вафотидан кейин ҳам каромат кўрсатишига ишонмаслик, ўлганидан кейин авлиёликлари тугайди деб ишониш ва уларнинг қабрлари билан баракатланишларига моне бўлиш ҳаромдир.” (Ҳадиқа)

"Вафот этган авлиё учун назр қилиб, назр қилган молни ўликники бўлсин деб ният қилса, бу назр саҳиҳ бўлмайди. Ўликка тегишли бўлишига ният қилмаса, назри саҳиҳ бўлади. Авлиёга назр қилган ҳеч бир одам назр қилинган молни ўликка берилишини кўзламайди. Ўликнинг ҳеч нарса олмаслигини, бу моллар фақирларга ёки мақбарада хизмат қилаётганларга берилишини билмайдиган одам йўқ." (Туҳфа)

"Мол сўйишни Аллоҳу таоло учун шартсиз ҳолда назр қилиш керак. Гўштларни фақирларга тарқатиб, буларнинг савобини бир авлиёга, улуғ зотга ҳадя қилиш жоиз. Сўнгра бу назр ва садақанинг ҳамда ушбу авлиёнинг ҳурматига муроди ҳосил бўлиши учун дуо қилиш лозим. Ёхуд “Фалон ишим ҳал бўлса, Аллоҳ учун, масалан Аҳмад Яссавий мақбарасида қўй сўйиб, гўштини Яссавий ҳазратларининг қўшниси бўлган фақирларга тарқатиб, савобини унинг руҳига ҳадя қиламан” деб назр қилиш керак. Бундай назр муроди ҳосил бўлишидан олдин сўйилмайди. Мол қабрнинг ёнида сўйилмайди. Мақбараларга мато, латталар боғлаш, мозорларда шам ёқиш каби ғалати ишларни христианлар қилади. Қабрда шамчироқ ёқилмайди. Мақбарада хизмат қиладиган, ибодат қиладиган фақирларга шам олиб борса, садақа савоби ҳосил бўлади. Бу савоб вафот этган зотга ҳадя қилинади. Ўлганга шам керак эмас. Мўминнинг қабри жаннат боғчаси бўлиб, шундоғам нур буркаган бўлади. Кофирники эса жаҳаннам чуқуридир. Азобга тўла. Шам уни азобдан қутқармайди." (Саодати абадия)

Савол: Мақбараларга ва масжидларга ишлатиш учун шам назр қилишнинг зарари борми? Бунинг лампочка назр қилишдан фарқи борми? Баъзи кишиларнинг шам назр қилишни ширкдек қабул қилишининг сабаби нима?

Жавоб: Ёритиш мақсадида масжидга ёки мақбарага шам назр қилишнинг ҳеч зарари йўқ. Бу лампочка назр қилиш билан бирдек. Салафий деб номланувчи адашган кимсалар мақбара номини эшитиши билан сочлари тикка бўлиб, дарров ширк тамғасини ёпиштиришади. Мақбарага ёки масжидга шам ҳадя қилишни бидъат сифатида кўриш, кишининг ваҳҳобий ташвиқоти таъсирида қолганини англатади. Авваллари электр йўқ эди, ёритиш учун шам ёқишарди. Ҳозир масжид ёки мақбараларни ёритиш учун лампочка ҳадя қилишнинг зарари йўқ. Ўлганлар учун қабрда шам ёқиш деган нарса динда йўқ. Мақбарага шам-чироқ ҳадя қилиш билан қабрда шам ёқишни бир-бири билан аралаштирмаслик керак.

Кўриб турганимиздек, ёритиш учун мақбарага шам қўйиш билан қабрларда шам ёқишнинг фарқи бор. Бу фарқни билмасдан мақбарадаги шамларни кўриб “Булар бидъат ва ширк” дейиш нотўғри. Кунимизда шамнинг ўрнига лампочка ёки мақбарага ҳожат бўлган бошқа нарса назр қилиниши мумкин. Ёритиш нияти билан шам ҳам ҳадя қилиш мумкин. Электр узилганда булардан фойдаланади.