8. Ҳалима-и Саъдия

Қурайш зодагонлари янги туғилган гўдакларини сут оналарига берардилар. Гўдаклар асосан ҳавоси мулойим, суви ширин, чиройли яйловлардаги оналарга берилиб, уларнинг қўлларида бироз вақт ўсиб, тарбияланарди. Шу сабабдан вужудлари бақувват, терилари силлиқ бўларди. Бу қабилалар жасоратлари, сахийликлари ва араб тилида чиройли гапиришлари билан машҳур эди. Сут фарзандлари ҳам улардан мардликни, сахийликни, фосиҳ ва болиғ гаплашашни ўрганардилар.

 - - Сарваримиз изларидан - 8

М. Саид АРВОС қаламидан

Ҳазрати Ҳалима баён қилади: Қабиламдан бир гуруҳ аёллар билан сут оналикка бола олиб келиш учун

Маккага қараб йўлга чиқдик. Эрим Хорис ҳам ёнимда эди. Бир заиф эшагимиз ва елинлари қуриган туямиз бор эди. Аслида менинг ҳам сутим оз эди. Ўғлим Абдуллоҳ (Дамра) тўймасдан кечалари йиғлаб чиқарди. Эшагимиз секин юрганидан Маккага кеч келдик. Биз келганимизда барча бадавлат оилаларнинг фарзандлари бошқа сут оналари тарафидан олиб қўйилганди. Абдулмутталиб эса неварасини эмизадиган сут она тополмаганди, чунки етим гўдакларни олиш фойдали эмасди. Улар учун яхши ҳақ ололмасдилар.

Менга ҳам таклиф қилди. Эрим билан маслаҳатлашдим. У “Менга қолса, қуруқ қайтмайлик. Балки бу гўдак ҳурматига Аллоҳу таоло бизга баракат берар” деди. Абдулмутталибга “Бўпти, мен оламан” дедим. У жуда қувониб кетди.

Омина хоним мени яхши кутиб олди. “Биласизми, уч кун олдин бир киши келди. Ўғлингнинг сут онасини Бани Саъд қабиласидан Зувайб ўғилларидан танлашимни айтди” деди. Ажаб дедим, худди мени таърифлагандек эди.

Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) яшил ипакдан қилинган тўшак устида ухлаб ётарди, оқ жундан қилинган йўргакка ўралганди. Яқинлашганимда ундан мушк-анбарнинг ҳиди таралаётганини сездим. Ҳайрат ичида гўдакка бир онда шундай маҳтал бўлдимки, уни уйғотишга қия олмадим. Қўлимни кўксига қўйгандим, у уйғонди ва менга қараб табассум қилди. Мен эса, у табассумга берилиб, ўзимни унутдим. Шу ҳолда онаси бундай гўзал ва муборак болани менга бермай қўймасин деган фикрда, унинг юзини ёпиб, дарҳол қучоғимга олдим. Ўнг кўкрагимни тутгандим, у эма бошлади. Чап тарафимдан эмизмоқчи бўлдим, бироқ у бу тарафдан эммади. Шу кундан бошлаб чап кўкрагим ўғлим Абдуллоҳга қолди. Ҳазрати Муҳаммадни эмизишни бошлагач, сутим кўпайиб, ўғлим ҳам тўя бошлади. Туямизнинг елини ҳам сутга тўлиб, идишларимиз сутга тўлиб-тошди.

Ортга қайтишда эшакка миниб, нурли омонатни қўлимга олдим. Эшак Каъбага қараб сажда қилди. Йўлга чиқдик. Қандай кучга тўлиб, қандай тезлашганини тушунтириб беролмайман. Карвонни қувиб етиб, ортда қолдирдик. Қаерга тўхтасак, атроф яшилланиб, шохлар ёш новдаларга айланарди. Юртимизга қайтгандан кейин мўл-кўлчилик ва баракатга эришдик. Қўшниларимиз чўпонларига “Нимага Абу Зувайбнинг қўйлари семиз ва сутли, бизникилар ориқ. Сизлар ҳам қўйларни улар ўтлатган жойда боқинглар” дерди.

Эрим “Эй Ҳалима! Аллоҳу таоло бизга катта эҳсон қилди. Бутун булар биз олиш орқаои шарафланган саодатли гўдакнинг баракати. Менга ишон, Маккадан биздан кўра бахтлироқ бўлиб қайтган киши йўқ” деди. Муҳаммад алайҳиссалом тезда улғайди, икки ойлигида ўтирар ва эмакларди. Уч ойлигида оёққа турди. Олти ойлигида секин-аста юрарди, етти ойлигида югурарди. Саккиз ойлик бўлганида аниқ-тиниқ гапира бошлади. Бир куни “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Алхамдулиллаҳи Роббил оламин” деганди, эшитганлар ҳайратда қолгандилар. Тўққиз ойлигида бирга ўтириб гаплашардик. Ўн ойлигида болалар билан ўйинлар ўйнарди, камондан ўқни яхши отарди. Кеча ва кундузда бир марта бавл этарди, муайян бир вақти бор эди. Усти-бошини асло кирлатмас, мени ранжитмас, чатчатмасди.

Сутдан чиққандан кейин Маккага олиб бордим. Усиз қувончимиз кемтик бўлиб, уйимиз ҳувиллаб қоладигандек эди. Унинг юзини кўришдан маҳрум қолиш бизга жуда оғир эди. Шу йили Макканинг ҳавоси ҳаддан ташқари исиб кетганди, вабо касали тарқалиш хавфи ҳам бор эди. Яна бироз ёнимизда қолиши учун онасига ялиниб-ёлвордим. У бизнинг райимизни қайтармади ва Унинг бизнинг ёнимизда яна бироз вақт қолишига ижозат берди.

Бир куни ҳабаш насронийларига дуч келдик. Муҳаммадга диққат билан боқдилар. Елкасида икки курак орасидаги нубувват муҳрини кўрдилар. Муборак кўзларининг қизиллиги эътиборларини тортди.

“Бу ўғлинг кўз оғриғидан шикоят қиладими?” деб сўрадилар.

- Йўқ, кўзларидаги бу қизиллик туғилганидан бери бор.

- Қанча мол-мулк истасанг берамиз, сўрасанг ҳатто жонимизни ҳам фидо этамиз. Рухсат бер, бу болани Ҳабашистонга олиб кетайлик. Унинг шаъни юксак бўлади, у охир замон пайғамбаридир.

Улардан жуда қўрқиб кетдим, шу кеча кўзимга уйқу келмади.

Бир куни яҳудийлар келди, билишимча ниятлари яхши эмасди. “Бу етимми?” деб сўрадилар. “Йўқ, отаси бор” дедим. “У ҳолда биз излаган бола эмас экан” деб ортига қайтиб кетдилар.

Муҳаммад алайҳиссалом уч ёшга тўлгач ака-укалари билан қўй боқишга бирга чиқадиган бўлди. Қўлида калтак билан хурсанд ҳолда кетар, шом вақтида шўх-шодон қайтарди. Ҳаво иссиқ вақтларда юборгим келмасди. Қизим Шайма “Хавотирланманг ойи, Уни бир булут соялаб юради” дерди. Бир кун қўй боққани чиқиб кетгандилар. Дамра йиғлаганча келиб “Онажон, онажон, қурайшлик биродарим!” деди.

- Нима бўлди?!

- Ўйнаб юргандик, биттаси келиб, уни четга олиб чиқиб, пичоқ билан қорнини ёрди.

Эрим Абу Зувайб билан югурганча тоққа чиқдик. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам)ни топдик. Муборак юзи бироз қизарган, кўкка қараб турарди. Ёнига ўтириб, пешонасидан ўпиб “Жоним, ўғлим, сенга нима бўлди?” дедим.

- Уч киши келди. Бирининг қўлида кумушдан қумғон, наригисининг қўлида ичи қор билан тўла зумрад лаган бор эди. Улардан бири мени лутф билан силади, сўнгра кўксимни киндигимгача ёрди. Буларни кўриб турардим, аммо оғриқ сезмасдим. Қўлини кўксимга солиб, юрагимни чиқарди. Ичидан қора қуюқ нарсани олиб ташлади. Айтдики “Бу шайтон таъсир эта оладиган парча эди, Аллоҳу таолонинг амри билан сени ундан холос қилдик.” Сўнгра юрагимни ўрнига қўйдилар. Учинчи киши қўлини кесилган жойга яқинлаштирди, жароҳат дарров битди.

(“Шарх” сураси нозил бўлганда саҳобалар “Алам нашрахлака садрак” ояти каримасининг маъносини сўрадилар. Жаноби Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳодисани билдирди. Расули Акрамнинг Хиро ғорида ва меърожларидан аввал Маккада икки марта кўкси ёрилиб, юраги покланди.)

Омонатни қайтариш

Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳолатлари қўшниларимизга бошқача кўринарди. Менга “Бу болани бир коҳинга кўрсат, балки жин теккандир” дедилар. Уни коҳинга олиб бордим. У ўрнидан сапчиб туриб “Эй араблар! Бу гўдак янги бир дин олиб келади, уни ўлдиринглар” деб бақира бошлади. Муҳаммадни қўлидан тортиб олдим. “Жинни-пиннимисан, аслида сени даволаш керак” дедим.

 Лекин бу ҳодисалардан кейин хавотирим ошди. Омонатни соғ-саломат эгасига топшира олмасликдан қўрқа бошладим. Шошилинч йўлга чиқдим. Макканинг юқори маҳалласига келгандим. Муҳаммадни бировга омонот қолдириб, таҳоратхона изладим. Қулоғимга қўрқинчли овозлар эшитилгач, ортимга қайтдим. Лекин уни қолдирган жойимдан топа олмадим. Йиғлаб фарёд кўтардим, уни излаб теварак-атрофга югурдим. Ҳаммадан сўраб-суриштирдим. Қари бир киши “Мен билан юр” деди. Ортидан бордим. Бир жойга бориб, Хубал номли бутга мадҳиялар айтди, ундан ёрдам сўради. Сўнгра мендан “Ўғлингнинг исми нима?” деб сўради.

- Муҳаммад!

Бу гўзал исмни айтар-айтмас, бутлар юзтубан қуладилар.

Чорасиз ҳолда Абдулмутталибнинг ёнига бордим. Бўлган воқеаларни тушунтирдим. Қиличларини тақиб, одамларини, қариндошларини ён-атрофга юборди, лекин топа олмадилар.

Абдулмутталиб Каъбага келди. Етти марта тавоф этди ва қўлларини очиб Аллоҳга ёлворди. “Муҳаммад Тиҳама водийсида фалон дарахтнинг тагида” деган овоз эшитдик. Водийга чопдик, уни дарахтнинг тагида япроқлар билан ўйнаётган ҳолда топдик. Абдулмутталиб “Эй ўғлим, сен кимсан?” деб сўради.

- Муҳаммад бин Абдуллоҳ бин Абдулмутталибман!

Бобоси неварасига соғинч билан ёпишди. Шу куни 20 туя ва бир қанча қўй сўйиб, фақирларга тарқатди.

*

Халима хоним вақти-вақти билан Маккага келиб турарди. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Менинг онам, менинг онам” дер, рўмолчасини ерга тўшаб ўтириш учун жой ҳозирларди. Расулуллоҳ уйланган йили Бани Саъд юртида қаттиқ қаҳатчилик бўлганди, одамларда пичоққа илинадиган ҳеч нарса қолмаганди. Сарвари олам сут оналарини тўйга чақирдилар. Ҳалима волидамиз таклифни қабул қилиб, келди. Ҳазрати Ҳадижа хоним уни жуда ёқтириб қолди. Қайтаётганида қирқ қўй билан бир чиройли туя берди. Жаноби Расулуллоҳ исломиятни таблиғ этишни бошлаганида Ҳалима онамиз ҳам мусулмонлар сафига қўшилди. Чунки у аввалдан ишонарди.

Ҳайбар фатҳ этилган кунларда Ҳалима волидамизнинг синглиси келди. Жаноби Расулуллоҳ учун сузма тайёрлаб келтирганди. Фахри олам оналари ҳақида сўради. Айтиш қийин, лекин айтди: “У вафот этди!”