1. Сен бўлмаганингда!..

Аллоҳу таоло ҳадиси қудсийда Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида “Лавлака лавлвк, ламо холақтул-афлак” (Сен бўлмаганингда, сен бўлмаганингда коинотни яратмасдим) деб марҳамат қилди. Жаноби Ҳақ энг аввал Ҳабибининг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак нурини яратди. У пайтда на лавҳ, на қалам; на жаннат, на жаҳаннам; на еру осмон; на шамсу қамар; на инсу жин бор эди.

- - Сарваримиз изларида-1

М. Саид АРВОС қаламидан

 На қадар шукр қилсак ҳам, камлик қиладики, яна бир Рамазони шариф ойига соғ-омон эришдик. Насиб бўлса, бу йил Сарваримизнинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) яшаб ўтган маконларини танитиб, улар изи ва ҳидларини топишга ғайрат сарф этиб кўрамиз 

Аллоҳу таоло тупроққа айтди: “Сендан бир парча халқ яратсам керак, улардан бир қисми менга итоат қилгай, қолганлари осий бўлгай. Менга муте бўлганларини жаннатга, осий бўлганларини жаҳаннамга киргизаман. 

Ер “жаҳаннам” сўзини эшитиб, дағ-дағ қалтираб йиғлай бошлайдики, ҳозирги чашма, ирмоқ ва булоқлар ўша куни пайдо бўлишган. 

Ҳақ таоло Жаброил алайҳиссаломга “боргин, ердан бир миқдор тупроқ келтиргин”- деб буйруқ беради. Арз (ер) унга жавобан: “мендан парча олиб нуқсонлаштиришингдан Аллоҳу таолога сиғинаман” деганида кўнгли қиймай қайтиб кетади. 

Жаноби Мавло сўрайди: “Нечун қўлинг бўш қайтдинг?” “Ё Раббий сенга маълумдир, фазлу карамингга ишониб келдим.” Аллоҳу таоло бу сафар  Микоил алайҳиссаломга амр қилади. Лекин унинг шафқати ҳам оғирроқ келиб, ишни бажара олмайди. Исрофил алайҳиссалом ҳам ер юзининг фарёдига чидай олмагач, буйруқ Азроил алайҳиссаломга келади. У курраи заминнинг нола-фиғонига парво қилмай, ҳар қитъадан қизил-қора, оқ-сариқ, ҳар хил тупроқлардан олиб, ҳозирги Макка билан Тоиф орасидаги бир жойга тўплайди. (Тупроқлар ер юзини турли минтақаларидан олинганлигидан инсонларнинг табиатлари ҳам турли-туман.) Тупроғидан жудо бўлган ер юзи фиғону фарёд қилади. Ҳақ таоло: “Эй замин, ғамгин бўлма!”- деб буюради, - “Сендан олганимни яна ўзингга қайтараман. Жонсиз тупроқ олиб, орифи биллоҳ қилиб, ой юзли, оқ узвли қилиб қайтараман.”

Кейин ўша тупроқ устига қирқ кун ёмғир ёғади, Одам алайҳиссаломнинг лойи қорилади, инсон суратига келтирилади. Қирқ йил ётиб қуриб, солсолун кал-фаххор (пишган ғиштдек) бўлади. Малакларга Одам алайҳиссаломни зиёрат қилишлари амр қилинади. Иблис ҳам фаришталар орасида келиб, қуриган лойни чертиб кўрганда жаранглаган овоз чиқади. Қорнини тешиб ичига кирадики, у ер кўклардай кенг туюлади. Бунга қаттиқ таажжуб қилади. Ташқарига чиққан Иблис малаклардан сўрайди: “Бордию Ҳақ таоло уни биздан устунроқ тутса, нима қиласизлар?” “Биз Рабимизнинг амрига итоатдамиз.” Лекин Иблис ундай фаришталарга ўхшаб таслимиятга рози эмас, исёнга уринади.  

Ҳақ таоло Жаброил алайҳиссаломга “Ҳабибимнинг нурини келтириб, Одамнинг икки қоши орасига қўйгин”- деб буюради. Сўнгра руҳ олиб келинади, лекин рўпарасидаги қоп-қоронғи баданни кўриб, озгина чўчийди. 

Қачонки жасаднинг пешонасида султони анбиёнинг нури кўриниш беради, ана ўшанда руҳ завқу шавқ-ла амрни бажо келтиради. Руҳ қуши бадан қафасига киради.
Одам алайҳиссалом муборак кўзларини очгач, Аршга қарайди. “Ла илоҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ. Умматун музнибатун ва Раббун ғофур” жумласини ўқийди.
Умматун музнибатун (гуноҳкор уммат) каломидан тушундимки,- дейди,  бу уммат исён қилади. Исён эса, жазолашни талаб қилади. Мен жазога чидай олмайман.

Ҳақ таолодан хитоб келади: “Эй Одам “умматун музнибатун” қисмини ўқидинг-у шундай изидаги “ва Раббун ғофур” (Раббинг кечиримлидур) ёзувини ўқимадингми?” 
Руҳ қулоқ ва димоғга кириб борганда акса уради. 

Малаклар “Алҳамдулиллоҳ дегин” дейишадию Одам алайҳиссалом айтганларини қилади. Энди ҳаёти бўйича ҳар акса урганда шундай дейдиган бўлади. Ундан кейин фаришталарга амр қилинади: “Одамнинг олдида сажда қилинг!”  Малаклар саждада 100 йил туришади, бошларини кўтарганда кўрурларким Иблис ҳамон хода ютгандай тик турибди. Итоатларига шукр қилиб барча малоика яна бир бор саждага кетишади. Шунинг учун намозда ҳамиша иккита сужуд бор. Ҳақ таоло сўроққа тутади: “Нечун сажда қилмадинг?”

- Мени оловдан, уни эса тупроқдан халқ этдинг. Оташ ёруғлик, оташ латифлик, оташ иссиқлик манбаи, тупроқдан албатта баланддур.

- Эй малъун, сен билмасмисан, менинг ёнимда мутакаббирларга жой йўқ. Сен билмасмисан, оташнинг иши изтироб, тупроқнинг ҳоли сокинлик. Жаннатнинг асоси тупроқдирким, мушки анбардек ифор таратади. Жаҳаннамнинг асоси эса, оташу олов. Оташ тупроққа муҳтож бўлса ҳам, тупроқнинг оташга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ. Тупроқ билан шаҳарлар обод бўлур, оташ билан хароб.  

Саййид-ил мурсалиннинг нурлари авваллари ҳазрати Одамнинг орқасида эди. Шу туфайли малаклар ҳар доим ортидан юриб, таъзим қилиб, саловат айтардилар. Одам алайҳиссалом муножот қилади: “Ё Раббий, бу нурни мен ҳам бир кўрсам.” Ҳақ таоло нурни ишорат-кўрсатгич бармоғига нақл қилади. Одам алайҳиссалом бармоғига қараб, калимаи шаҳодат келтиради. Шунинг учун ўша бармоққа “шаҳодат бармоғи” дейилади.  
Одам алайҳиссалом жаннат боғларида сайр қилади, жаннат меваларидан тановвул. Оҳ, қани энди менинг ҳам ўз жинсимдан, ўз қиёфамда бир йўлдошим бўлса деб хаёлларга чўмганча ухлаб қолади. Уйғонганида бош томонида Ҳавво онамизни кўради. Худди ўзидек бўйда, ўз қиёфасида, ўз тан рангида, сочлари жаннат ёқутлари билан безанган барно. Ҳуш ёқтиради.

- Ё Раббий, унга қалбим майл этди. Бу ғалати туйғу, худди менинг бағримдан бир парчадек гўё. Аллоҳу таоло Ҳавво волидамиз билан никоҳларини қияди-да марҳамат қилади: Эй Одам. Ҳеч нарсани яратмасдан аввал, ҳабибим, дўстим ва ифтихор қиладиган Муҳаммад Мустафонинг нурини яратдим. Пешонангда порлаган нур ўша сарварнинг нуридир. Уни яратмаганда, ёруғликни, қоронғуликни, лавҳу қаламни, аршни, курсини, еру осмонни, инсу жин ва малоикани яаратмасдим. Жумла оламни унинг ҳурматига халқ қилдим, яратдим. Жумласидан аввал унинг исмини айтдим. Эй Одам, завжанг билан биргаликда жаннатда қолгин ва хоҳлаган неъматларингдан тўя-тўйгунча истифода қилгин, егин. Фақат шу дарахтга яқинлашманг (буғдой эканлиги ривоят қилинади). Ҳазрати Одам ила Ҳавво бир охират куни (минг йил) жаннатда истиқомат қилишади. Жуда соф, жуда пок ва жуда оқкўнгиллар. Биронтанинг ёлғон гап гапиришига эҳтимол ҳам бера олишмайди.

Шайтон ҳийла билан жаннатга кириб, уларни тақиқланган дарахт томон жазб қилади... 

Малоиканинг устози эди

Маълумки, оташнинг ҳам нури, ҳам тутуни бор. Аллоҳу таоло малоикани нурдан, жинларни эса тутундан (зулматдан) халқ этди... 

Фаришталар узлуксиз ибодат билан машғуллар. Жинлар эса, исён ва туғёндалар. Жаноби Ҳақ ҳазрати Одамдан мингларча йил муқаддам жинларнинг падари бўлмиш Жонни яратади ва унинг қавмига шариат юборади. 

Бошланғичда амрларга бўйсунишса ҳам, кейинроқ бўйин товлаб, фитна-фасод пайига тушишади. Оқибатда фаришталар тушиб, таъзирларини беради. Уларни тоғларга, оролларга сургун қилишиб, тарқатиб юборишади. Ҳали балоғатга етмаганлари эса, битта жойга жамланади. Уларнинг орасида жуда адабли ва ибодатгўй Азозил ҳам бор эди. Малаклар уни беҳад ёқтириб қолишади, ўзлари билан бирга олиб кетишмоқчи бўлишади. Ҳақ таоло бу истакларини қабул қилгач, уни дунё осмонига олиб чиқишади. Иккинчи қат осмон малаклари ҳам унинг диндорлигига маҳлиё бўлишиб ёнларида қолишини орзу қилишади. Жаноби Мавло яна изн беради.

Жаннат малоикасининг раиси Ридвон “Ё Раббий”- дейди, - “осмон табақаларидаги малаклар Азозилнинг тоат-ибодатидан мўл завқларга беланишди. Бирнеча кунга уни жаннатга даъват қилсак-да бу ердагилар ҳам озгина истифода қилишса?”   

Жаноби Зул-Жалол яна лутф қилади. Азозил ибодат қилган сайин мақому мартабаси кўтарилгандан кўтарилаверади. Ва ниҳоят шундай бир кун келадики, Азозилни Арши аълода ёқутдан бир минбар устида малакларга дарс бераётган ҳолда кўрамиз. 

Бу орада ер юзининг чекка-чекка жойларига сургун ва қувғин қилинган жин тоифаси анча кўпайишган, яна ғужғон ўйнашни бошлашган эди. Азозил ўз туққан қавмини ҳақ йўлга чақириш учун ижозат сўрайди. Аллоҳу таоло ер юзининг идорасини унга беради. 
Лекин кўнгил қурғур, замон ўтиши билан дунёга майл қилади, агар бу вазифа қўлидан олингудек бўлса, асло ичига сингдира оладигандай эмас! Ўша кунларда малаклар лавҳул маҳфузда бир банданинг Яратганнинг раҳматидан қувғин қилиниб, ҳалок бўлишини ўқиб қолишади-ю дарров Азозилга келиб дуо сўрашади. Азозил уларга яхшилаб дуо ўқийди, лекин ўзи ҳақида умуман андиша қилмайди. 

Ҳатто, Жаннат дарвозасида “Менинг шундай бир қулим борки уни турли-туман неъматлар билан мукаррам қилдим. Ердан осмонларга кўтардим, осмонлардан жаннатга элтдим. Кейин унга бир нарса амр этсам, итоатдан бўйин товлади!” деган ёзувни кўриб, ўша “бетавфиққа” ланъат ўқийди. 

Иблиснинг осмонларда жаноби Ҳаққа ибодат қилмаган бир қарич бўш жойи қолмаган. У беқиёс илм ва амал соҳибидур, аммо ихлоси нуқсон. Одам алайҳиссаломнинг олдида сажда амри келганда қулоқ солмайди. Манманлигига енгилади. (Умматнинг Каъбага қараб қилинган саждаси қанақасига Аллоҳга қилинаётган бўлса, Одам алайҳиссаломга қарата буюрилган сажда ҳам Аллоҳга қилинаётган эди.) Илоҳий раҳматдан қувғин қилингандан кейин шу ҳолга тушишига Одам сабаб бўлди деб одам зотига душман бўлди. Энди аввалги тақводор ҳолатидан бутунлай эвирилиб осий, саркаш, хабис, ёлғончи, фитнакор махлуққа айланадики исми ҳам шайтонга ўзгаради. Лекин шайтон қилмишига пушаймон. Бир куни Мусо калимуллоҳга бориб:  

- Ё Мусо Раббингга “махлуқотинг ичра бири Сенга тавба-тазарруда бўлмоқчи” деб айтасанми?- деди.

Аллоҳу таоло: “Эй Мусо, ўша бандамга айтгин унинг чақириғига ижобат қиламан. Одамнинг қабрига қараб сажда қилсин, мағфират қилайин!”
Иблис: “Мен Унинг тиригига сажда қилмагандим, нима энди ўлигига сажда қиламанми.”-дейди.

Эҳ, кибр, кибр…

давоми бор...