Ваҳҳобийлик нима? (2-қисм)

Барча нарсанинг яратувчиси ягона Аллоҳу таолодир. Бир нарсани яратишда бошқа бирор махлуқини восита ва сабаб қилиши Аллоҳу таолонинг одатидир. Аллоҳу таолонинг бирон нарсани яратишини хоҳлаган одам ўша нарсанинг яратилишига сабаб бўладиган нарсага ёпишиши, мурожаат қилиши лозим. Пайғамбарлар доимо сабабларга ёпишардилар.

Аллоҳу таоло бандаларининг сабабларга талпинишларини мадҳ этган. Пайғамбарлар сабабларга мурожаат қилишни амр этган. Оламдаги воқеа-ҳодисалар ҳам, ҳар қандай истакнинг рўёбга чиқиши учун муайян бир сабабга ёпишиш кераклигини кўрсатиб турибди. Бирон тилакка эришиш учун ўша нарсанинг сабабига мурожаат қилиш керак. Шу сабабни ҳалиги тилакнинг яратилишига сабаб-восита қиладиган ва инсоннинг ўша сабабга мурожаат қилишини таъминлайдиган, сабабга тутинилгандан кейин унинг натижаси сифатида ҳалиги тилакни яратадиган қудратнинг ягона Аллоҳу таоло эканлигига ишониш шарт. Мана шундай эътиқодда бўлган киши "шу сабабга ёпишиш орқали тилагимга эришдим" деб айта олади. Унинг бу гапи тилакни яратган ҳалиги сабаб деган маънога келмайди. Аксинча "Аллоҳу таоло тилакни айнан мана шу сабаб ила яратиб берди" деган маънони англатади. Масалан: "Ичган дорим оғриқни тўхтатди", "Саййидат Нафиса ҳазратларига назр қилгандан кейин, касалимиз тузалиб кетди", "Овқат мени тўйғазди", "Сув чанқоғимни қондирди" сингари гаплар буларнинг аслида бирон восита, васила ва сабаб эканликларини кўрсатади. Мана шунга ўхшаш гапларни айтган мусулмонлар "Аллоҳ мана шу сабаблар натижасида истагимни берди" деб эътиқод қилишмоқда. Бундай эътиқодда бўлган кишига қатиъян кофир дейишга бўлмайди. Ваҳҳобийлар ҳам "Тирик ва ёнингда бўлган одамлардан бирор нарса сўраш жоиз" дейишади. Бир-бирларидан ва ҳукумат ходимларидан кўп нарсалар сўрашади. Истакларига эришиш учун ялиниб-ёлворишади. "Узоқдагидан ва қабрдагидан ёрдам сўраш ширк, лекин тирикдан сўраш ширк эмас" дейишади. Аҳли суннат олимлари эса, "махлуқ бўлган бу икки нарсанинг биридан ёрдам умид қилиш ширк бўлмаса, иккинчисидан сўраш ҳам ширк бўлмайди. Чунки ораларида ҳеч қандай фарқ йўқ" дейдилар.

Ҳар бир мусулмон имон-исломнинг шартларига, фарзларнинг фарз ва ҳаромларнинг ҳаром эканлигига ишонади. Яна ҳар мусулмоннинг яратувчи, ҳар ишни қилувчининг яккаю ёлғиз Аллоҳ эканлигига ишонишлари ҳам барчага аён. "Намоз ўқимайман" деган бир мусулмоннинг бу гапидан "ҳозир ёки бу ерда ўқимайман ёхуд ўқиб қўйганим учун ўқимайман" демоқчи бўлганини тушунамиз. "Бу одам умуман намоз ўқимайман деяпти" деб ҳеч ким уни маломат қила олмайди. Чунки, гап эгасининг мусулмон машрабли бўлиши унга дарров куфр, ширк тамғасини босмоқчи бўлган тилларни жойига михлаб қўяди. Худди шунингдек қабр зиёрат қилган, маййитдан ёрдам-шафоат сўраб, фалон тилагим бўлсин деган мусулмонга ҳам кофирлик, мушриклик тамғасини босишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мана шундай тилак тилаган ёхуд қабр зиёрат қилган, "ё Расулаллоҳ! Менга шафоат қилинг" деган кишининг мусулмон бўлиши, ушбу гап ва ишларининг жоиз, машруъ (қонуний, шарий) бўлган имон ва ўй орқали амалга оширилганини кўрсатади. 

Юқорида келтирилган мисол ва маълумотлар агар теран тушинилиб, пухта ўйлаб кўриладиган бўлса, Абдулваҳҳоб ўғлининг ақидалари ва гапларининг то илдизидан эътиборан чирик ва саводсизлик маҳсули эканлиги очиқ-ойдин кўринади. Бу фирқанинг залолати мана шу мисоллар билангина чекланиб қолган эмас, албатта. Уларнинг гумроҳликларидан ташқари бутун умматга туҳмат қилганликлари ва Исломни ичкаридан қандай емиришга уринишганлари ҳақида шум кирдикорини фош қиладиган жуда кўп асар ёзиб қолдирилган.

Забид муфтиси Саййид Абдурраҳмон, ваҳҳобийларнинг залолатда эканлигига биргина “Арабистоннинг шарқ томонида аллақандай кимсалар пайдо бўлади. Улар Қуръони карим ўқийди, лекин ўқилган Қуръони карим бўғизларидан пастга ўтмайди. Ўқ ёйдан қандай отилиб чиқса, улар ҳам диндан шундай чиқишади. Улар юзларини қиртишлашади.” ҳадиси шарифининг гувоҳлиги кифоят қилади дейди. Ҳақиқатан, бош ва ёноқларни қириб, тарош қилишни Абдулваҳҳоб ўғлининг китобларидан бошқа ҳеч қайси залолат фирқаси буюрган эмас.  

Ваҳҳобийлик ҳаракатидан аввал яшаб ўтган мусулмонлар кофир эмиш!

 Сууд (Сауд) бин Абдулазиз Маккага ва Мадинага бостириб кириб келганда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мақбараларидан бошқа барча Асҳоби киром, аҳли байт, авлиё ва шаҳидларнинг қабрларини ер билан яксон қилишди. Расулуллоҳнинг муборак мозорларини ҳам бузишга киришиб қўлига белкурак олган ҳар бадбахтнинг шу заҳоти ақлига ёки баданига бир заҳм етгани боис бу жиноятларини қила олишмади. Мадинага кирганларида Сууд мусулмон аҳолини бир жойга тўплаб “Ваҳҳобийлик келиши билан бугун динингиз энди тамомланиб камолга эрди. Аллоҳ сиздан рози бўлди. Ота-боболарингиз кофир эди, мушрик эди. Уларнинг динларига эргашманглар. Уларнинг кофир эканликларини барчага етказинглар. Расулуллоҳнинг мозори ёнида туриб, унга ёлвориш тақиқланган. Мозорнинг ёнидан ўтаётганида фақат Ассалому ала Муҳаммад дейсиз, лекин Ундан шафоат сўрашга бўлмайди” яна шунга ўхшаш мусулмонларни таҳқирлайдиган нарсаларни гапирди. Сууд бозорларда, кўчаларда жарчилар чоптириб “Сууднинг динига киринглар! Унинг кенг соясига кириб пана топинглар!” деб жар солдирди. Мусулмонларни Муҳаммад бин Абдулваҳҳобнинг динига киришга мажбурлади.

Сууд бин Абдулазиз ҳар тарафга зулм, азоб, қийноқ оловларини ёғдириб юрган пайтларида аҳли суннат олимларидан бирини олдига чақириб “Пайғамбар қабрида тирикми? Ёки биз эътиқод қилгандек ҳамма каби ўликми?” деганида “Расулуллоҳ биз билмайдиган бир ҳаёт билан тириклар” деган жавобни олди. Сууднинг бу саволни беришдан мақсади, унинг жавоб бера олмаслигини ўйлаб, азоблаб ўлдиришни режалаштиргани учун эди. “У ҳолда Пайғамбарнинг қабрда тирик эканлигини кўрсат, мен ҳам ишонайин. Телба-тескари сўзлар билан жавоб берадиган бўлсанг, менинг ҳақ динимни қабул қилмасликда қайсарлик қилганинг учун сени ўлдираман” деди. Аҳли суннат олими “Ташқаридан мисоллар келтириб сизни ишонтиришга уринмайман. Келинг, биргаликда Мадинаи мунавварага борамиз. Муважаҳаи саодат панжараси олдида турамиз. Мен салом бераман. Агар саломимга жавоб берсалар, ишонасиз. Расулуллоҳ жанобимизнинг қабрларида тирик эканликларига, салом берганларни эшитиб, жавоб беришларига ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз. Саломимга жавоб берилмаса, менинг ёлғончи эканлигим маълум бўлади. Унда менга хоҳлаган жазони беришингиз мумкин” деди. Сууд бу сўзларни эшитгач, аҳли суннат олимини қўйиб юборишга мажбур бўлди. У бу жавобдан жуда ғазабланганди. Чунки у бу ишни қилса, ўз ақидаси бўйича кофир, мушрик бўларди. Шунинг учун ўзини йўқотиб қўйди. Чунки бунга жавоб берадиган илми ҳам йўқ эди. Шарманда бўлмаслик учун олимни озод қилишдан ўзга чораси қолмади. Лекин орқаворотдан битта одамига олимни ўлдириб, ўлим хабарини етказишни буюрди. Аллоҳу таолонинг тақдири билан у ваҳҳобий қанча уринса ҳам, эвини топиб, бу зотни ўлдиролмади. Бу қўрқинчли хабар оғиздан-оғизга ўтиб, у зотгача етиб борди. Бу мужоҳид зот энди Маккада туриб бўлмаслигини билиб, бошқа ерга ҳижрат қилди.

Сууд бин Абдулазиз мужоҳид олимнинг Маккадан чиқиб кетганини эшитиб, ортидан ялланма қотил жўнатди. Бу қотил “Бир аҳли суннатни ўлдириб, катта савобга қоламан” деб кеча-кундуз тинмай йўл юрди. Мужоҳид зотга етиб олганида бу зот бир оз аввал ўз ажали билан вафот этган эди. Қотил бу зотнинг туясини бир дарахтга боғлаб, қудуқ бошига кетди. Келганида ёлғиз туяни кўрди. У зотни тополмади. Суудга бориб, бўлган воқеаларни айтди. Сууд: “Ҳа, ҳа! Мен у зотнинг зикр ва тасбиҳ билан кўкларга чиқарилганини тушимда кўрдим. Нур юзли кишилар бу майит фалон зотдир. Охир замон пайғамбарига тўғри ишонгани учун жанозаси самога кўтарилди деганини эшитдим” деганида “Мени шундай муборак зотни ўлдириш учун юбордингми, аблаҳ? Аллоҳу таолонинг унга бўлган эҳсонини кўриб туриб ҳам бузуқ ақидангдан қайтмайсанми?!” деб сўкиб-койиди. Ўзи эса тавба қилди. Сууд бу кишининг койишига, насиҳатига қулоқ солмади.

Сууд Мадина аҳолисини Масжиди Набийга тўплаб масжид эшикларини бекитиб, курсига чиққанида шундай деган эди: "Эй жамоат! Сизларга насиҳат қилиш ва амрларимга бўйсунишингизни эслатиб қўйиш учун бу ерга тўпладим. Эй Мадина аҳолиси! Бугун динингиз тўлиқ бўлди. Мусулмон бўлдингиз. Аллоҳни хурсанд қилдингиз. Энди бундан буён ота-боболарингдан қолган бузуқ динга эргаша кўрманг! Аллоҳнинг уларга раҳмат қилиши учун дуо қилманглар! Уларнинг барчаси ширк келтириб ўлди. Мушрик эди. Аллоҳга қандай ибодат этишни, қандай дуо қилишни дин хизматидаги одамларимга берган китобларда тушунтирдим. Кимда-ким дин хизматини юритадиган одамларимга қулоқ солмайдиган бўлса, билиб олсинки, уларнинг моли, жони, қони, бола-чақа ва хотин-қизлари аскарларим учун мубоҳ бўлади! Аскарларим ҳаммангни занжирбанд қилиб, қийноққа солиб, ўлдиради. Пайғамбарнинг мозори ёнига бориб ота-боболаринг қилганидек салот ва салом айтиш учун ҳурмат билан тўхтаб туриш ваҳҳобийлик динида тақиқланади. Мозор олдида тўхтамасдан ўтиб кетиш керак. Ўтаётганда фақат “Ассалому ала Муҳаммад” дейиш керак. Имомимиз Муҳаммад бин Абдулваҳҳобнинг ижтиҳоди бўйича, Пайғамбарга ҳурмат учун шунинг ўзи етарли бўлади."

Сууд бин Абдулазиз золимининг маҳмадоналикларидан диққатингизга ҳавола қилинган мана шу бир нечта сатрининг ўзиёқ уларнинг нақадар бузуқ, нақадар қабиҳ ва разил гаплар эканлигини кўрсатишга қодир. Ваҳҳобийлар Одам алайҳиссаломнинг пайғамбар эканлигига ишонмагани ва мусулмонларга мушрик деганлари учун кофир бўлишмоқда. Ўрта Осиёдаги ваҳҳобийлар ўзларини салафия деб таърифлаб таништиришади. Салафия ваҳҳобийликнинг қоғозга ўраб айтилган номланиши холос. [Салафия йўли нима деган моддага қаранг.] 

Қуйида ёзилган эътиқод эгалари ваҳҳобийдир.

Ваҳҳобийларнинг учта асосий ақидаси

Абдулваҳҳоб ўғлининг “Китоб-ут-тавҳид” ва неварасининг бунга ёзган “Фатҳ-ул-мажид” шарҳида 250 дан ортиқ бузуқ ақида мавжуд. Буларнинг ҳаммаси асосан учта масалага суянади.

Уларнинг эътиқодлари бўйича:

1) Амал (ибодат) имондан бир жуздир. Яъни амал имоннинг бир бўлаги бўлиб, камайиб-кўпаяди. Бир фарзни бажо келтирмаган, масалан, фарз эканлигига ишонишига қарамай дангасалик билан бир намозни ўқимаган одам кофир бўлади. Бундай кимса ўлдирилади ва моллари ваҳҳобийларга тақсимланади.

2) Пайғамбарлар ва авлиёларнинг руҳларидан шафоат сўраган, уларнинг мозорини зиёрат қилиб, уларни васила этиб дуо қилган одам кофир бўлади. Қабрда бўлганлардан, эшитмайдиганлардан дуо сўраш ширк. Ўлган ва узоқда бўлган тириклар эшитмайди, жавоб бермайди. Улар на фойда, на зарар бера олади. Шунинг учун вафот этган пайғамбарлардан ҳам бирон нарса исташ ширкдир.

3) Мозорларнинг устига мақбара қуриш, мақбараларда намоз ўқиш ва ўликларнинг руҳига садақа аташ-назр қилиш жоиз эмас. Ҳарамайн халқи шу вақтгача мақбара ва гумбазларга ибодат қилиб келди. Суннийлар ва шиалар шу сабабдан кофирдир. Уларни ўлдириш, молларини талон-тарож қилиш ҳалол. Улар сўйган ҳайвонлар ўлакса саналади.

Яна бошқа нотўғри ақидаларидан баъзилари:

1) Муайян бир мазҳабга тобе бўлишни қабул қилишмайди.

2) “Мозордаги авлиёни тавассул қилиш ширк. Пайғамбар ва авлиёнинг мозори устига мақбара қуриш Аллоҳдан ўзгага сиғинишдир. Ҳар бир мақбара бутхонадир. Буларнинг аксари Лот ва Узза бутлари билан бир. Мусулмонларнинг кўпи мушрик бўлди” дейишади.

3) Шафоатга ишонишмайди.

4) Кароматга ишонишмайди.

5) Тасаввуфга ишонишмайди. Бу ҳақида шундай дейишади:

“Тасаввуф асли ҳинд яҳудийларининг ўйинидан келиб чиққан. Уларга эски юнонлилардан ўтиб қолган. Тасаввуфчилар ширк ва куфрга ғарқ бўлишган. Уларнинг китоблари Абу Жаҳлнинг ўйига келмаган ширклар билан тўлиб-тошган. Мурид шайхига сиғинади. Улар авлиёнинг мозорларини бутлаштирмоқда. Уларга сиғинишмоқда. Мисрликларнинг энг катта маъбудлари Аҳмад Бадавийдир. Муҳиддин Арабий ер юзининг энг катта кофиридир.”

6) Аллоҳу таоло учун назр қилиш, ҳайвон сўйиш ва буларнинг гўштларини фақирларга тарқатиб, савобларини Пайғамбар ҳамда авлиёларга ҳадя этишни ширк дейишади.

7) Расулуллоҳни мадҳу сано қилишга, Ундан шафоат сўрашга ширк дейишади, бу ишни қилган мусулмонларга мушрик тамғасини босишади. “Ўлганлар ўзларига гапирилганларни эшитмайди. Ўликдан дуо ва шафоат сўраш, унга сиғиниш бўлади. Масжиди набавияга намоз ўқиш учун кирган кимсанинг салом бериш учун қабр ёнига бориши, Ҳужраи саодатни зиёрат қилиш учун узоқ жойлардан келиш маън этилган” дейишади.

8) “Арш қадимдир”, “Аллоҳу таоло Аршнинг устида ўтиради, ўзи билан бирга ўтириши учун Расулуллоҳга ҳам ёнидан жой ажратиб қўйган” дейишади.

9) Бирон ишининг амалга ошиши учун муайян сабабларга мурожаат қилишни, василага, тавассулга ширк дейишади.

Эслатма: Мана шу бемаъни, нотўғри эътиқод ва қарашларига тегишли мавзуларда жавоблар берилган.

Кофирми ёки бидъатчи? 

Савол: Ваҳҳобийлар ҳақида “Барчага лозим бўлган имон” китобида бидъат соҳиби дейилган. “Ислом ахлоқи” китобида эса кофир дейилади. Нима учун бу икки китобда фарқли ёзилган?

Жавоб: Уларнинг маълум бир масала хусусидаги баъзи иддао ва ақидалари куфр, баъзилари бидъат бўлмоқда. Куфр бўлган ақидалари сабабли кофир, бидъат бўлган ақидалари сабабли эса бидъат аҳли дейилади. Масалан “Пайғамбарлар қабрларида намоз ўқийдилар” каби ҳадиси шарифларни таъвил қилишади, шу томондан бидъат аҳли бўлишяпти. (Барчага лозим бўлган имон)

Идрис, Шит ва Одам алайҳиссаломларнинг пайғамбар эканликларини инкор этганлари учун ҳамда мусулмонларга мушрик деганлари учун кофир бўлишяпти. (Ислом ахлоқи)