...

Ваҳҳобийлик нима? (1-қисм)

Ваҳҳобийлик оқимини қурган Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб, инглиз жосусларидан Хемфернинг тузоғига тушиб, инглизларнинг исломиятни йўқ қилиш ҳаракатларига беминнат хизмат қилди.

“Инглиз жосусининг эътирофлари” китобида ваҳҳобийликнинг қурилиши атрофлича билдирилган.

Муҳаммад бин Абудлваҳҳоб Ибн Таймиянинг аҳли суннат эътиқодига хилоф китобларини ўқиган ва атрофида “Шайхи Наждий” номи билан машҳур бўлганди. Бузуқ ўй-фикрлари инглиз олтинлари-ю қуроллари билан, жоҳиллар ҳамда Дария аҳолиси ва раислари Муҳаммад бин Сууд (Сауд) тарафидан қўллаб-қувватланди. Адашган дин одами Ибн Таймиянинг фикрлари ва Хемфернинг ёлғонлари аралашмасига ваҳҳобийлик дейилади.

Қуйидаги маълумотларнинг кўпи “Миръот-ул-ҳарамайн” китобидан олинган: (Ушбу китоб нашрдан чиққан 1888 йили Нажд амири Абдуллоҳ бин Файсал эди.)

Муҳаммаднинг отаси Абдулваҳҳоб солиҳ мусулмон эди. У ва Мадинадаги ўзга олимлар Абдулваҳҳоб ўғлининг ғалати ақидалари натижасида динда янги бир бузуқ йўналиш очишини фаҳмлаб, барчага у билан гаплашмасликни насиҳат қилардилар. Лекин, бунга қарамай Абдулваҳҳоб ўғли 1738 йили Ваҳҳобийлик оқимини эълон қилиб, шахсий қарашларини очиқча тарғибот қиилишга кўчди. У бошлаб берган янги фирқа инглизларнинг сиёсий ва ҳарбий ёрдамлари натижасида Арабистонга ёйилди.

Ваҳҳобийлик ақидасига "имон" келтирган Дария ҳокими Абдулазиз бин Муҳаммад бин Сауд  (Сууд) дастлаб 1791 йили Макка амири шариф Ғолиб жаноблари бошчилигидаги Макка аҳолисига қарши жанг қилди. Авваллари ваҳҳобийликни яширинча тарғибот қилишди. Кейинчалик марказий (Истанбул) ҳукуматнинг  ташқи душманлар билан ўтказаётган урушларидан фойдаланиб, Ҳарамайнда беҳисоб мусулмонларни ўлдириб, аёлларини, фарзандларини ва молларини тортиб олиб қийноққа солишди.

Абдулваҳҳоб ўғли Бани Тамим қабиласидан бўлади. Ўзи 1699 йили Нажд чўлидаги Хураймила шаҳрининг Уйайна қишлоғида туғилиб, 1791 йили Дарияда ўлди. Авваллари тижорат билан Басра, Бағдод, Эрон, Шом ва Ҳиндистон тарафларга борган, найрангона ва бузғунчи сўзлари билан “Шайхи Наждий” (наждлик оқсоқол) номини олганди. Борган жойларида кўп нарсаларни кўрган, бутун ўй-хаёлини амир бўлиш, раҳбар бўлиш орзуси чулғаб олган эди. 1713 йили Басрада танишган инглиз жосуси Хемфер унинг тўнтариш қилиш орзусида эканлигини пайқади. У билан давом этказган узоқ муддатлик дўстлик муносабатлари асносида Инглиз Мустамлакалар Назоратидан олган ҳийла ва ёлғонларини миясига сингдирди. Абдулваҳҳоб ўғлининг бу талқинлардан завқ олаётганини кўрган Хемфер унга янги бир дин қуришини таклиф қилди. Бу янги диннинг асосларини унга ўргатди. Жосус ҳам, Абдулваҳҳоб ўғли ҳам излаганларини топган эди.

Янги бир дин қуриш мақсадида аввал Мадинада, сўнгра Шомда ханбалий олимлари қўлида ўқиди. Наждга қайтганидан кейин ҳамқишлоқлари учун кичик диний рисолалар ёзди. Бу китобларига инглиз жосусидан ўрганганларини ҳамда мутазила ва бошқа бузуқ фирқалардан юқтирган бузуқ тушунчаларини ҳам қўшди. Бесавод аҳолининг кўпи унинг тарғиботига лаққа тушди. Исломиятни ичкаридан емириш мақсадида Англияда қурилган Мустамлакалар Назорати аҳволдан Нажд минтақасининг шайхи, яъни ҳокими лавозимида бўлган Муҳаммад бин Суудни (Сауд) хабардор қилди. Кўплаб маблағ ажратиб, сиёсий ва ҳарбий ёрдамлар ваъда қилиб, Абдулваҳҳоб ўғли билан бирга иттифоқ ҳолида иш юритишини таъминлади. Арабистонда насл-насабга жуда катта аҳамият берилади. Дария ҳокими Муҳаммад бин Сууд оми ва бесавод одам эди. Бу Муҳаммад бин Абдулваҳҳобга жуда қўл келган эди. Ваҳҳобийлик деб атаган нотўғри эътиқодий йўлини тарқатишда айнан унинг бесаводлигидан ва қабила раиси унвонидан жуда унумли фойдаланди. Ўзини қози, Муҳаммад бин Суудни эса ҳоким деб эълон қилди. Ўзларидан кейин мана шу лавозимларда фақат уларнинг наслидан келадиган кимсаларнинг ўтиришини таъминлайдиган бир низомнома туздирди.

Абдулваҳҳоб ўғли Мадинада ўқиётганида Мадинанинг солиҳ, пок олимларидан бўлган отаси Абдулваҳҳоб ва акаси Сулаймон бин Абдулваҳҳоб ҳамда дарс берган устозлари унинг ғалати феъл-атворидан, қайта-қайта айтаверишдан чарчамайдиган бузуқ ўй-фикрларидан унинг келажакда ислом динини ичидан емирадиган, уммат бирлигига раҳна соладиган бузғунчи бўлишини сезишган эди. Шу боис унга тинмай насиҳат қилишар ва бошқаларга ундан эҳтиёт бўлишларини айтишарди. Лекин шунча ғайратларига қарамай, қўрққанлари тезда юзага чиқди. Бетавфиқ йигит калласига ин қурган ботил фикрларини "ваҳҳобийлик" номи остида очиқча ёйишга киришди. Жоҳил, саводсиз ва аҳмоқларни алдаш мақсадида ислом олимларининг китобларига мос келмайдиган бидъатлар (янгилик), динда реформа (қайта қуриш) шиорлари билан майдонга чиқди. Аҳли суннат вал жамоат эътиқодида бўлган мусулмонларга кофир дейдиган даражада безбетликка борди. Пайғамбаримизни, бошқа пайғамбарларни ва авлиёларни восита қилиб, Аллоҳу таолодан бир нарса сўрашга ҳамда уларнинг қабрларини зиёрат қилишга ширк деди.

Абдулваҳҳоб ўғлининг инглиз жосусидан ўрганганлари бўйича, бирон қабр бошида дуо қилинганда, бу - майитга қарата тўғридан гапириш бўлиб, зиёратчи мушрик бўлармиш. Аллоҳдан бошқа бирон кимса ёки нарса учун бирон нарса қилди дейиш, масалан, "фалон дорининг фойдаси тегди", "Пайғамбаримиз ёки фалон авлиёни восита қилиб ўқиган дуом қабул бўлди" деган мусулмонлар мушрик бўлармиш. Абдулваҳҳоб ўғлининг бу иддаоларига далил сифатида кўрсатган нарсалари бутунлай ёлғон ва туҳматдан иборат бўлса ҳам жоҳил халқ тўғрини эгридан ажрата олмагани учун унинг сўзлари бекорчиларга, қароқчиларга, айниқса Дария ҳокими Муҳаммад бин Суудга жуда ёқиб тушган эди. Жоҳиллар, тош юраклилар кўп кутказмасданоқ Абдулваҳҳоб ўғлининг гапларига учиб, тўғри йўлда бўлган холис мусулмонларга "кофир" деб тамға босишга шўнғиб кетишди.

Абдулваҳҳоб ўғли ўз фикрларини бемалол тарқата олиши учун Дария ҳокимига ёрдам сўраб мурожаат қилгач, у ҳам ўз навбатида вазиятдан фойдаланиб ҳудудларини кенгайтириб олиш ва Лондондан олиб турган буйруқларни бажо келтира олиш учун Абдулваҳҳоб ўғли билан жону кўнгилдан бош қўшиб, шериклик қилишди. Сууд ўғли Муҳаммад, Абдулваҳҳоб ўғли Муҳаммадниннг фикрларини ҳар тарафга ёйишда бор кучини сарфлади. Имонига содиқ қолиб, ваҳҳобийлик сафсаталарига ишонмаган, қарши чиққан мусулмонларга ҳокимият ва ҳарбий қувватларидан фойдаланиб, жанг қилди. Мусулмонларнинг молларини талон-тарож қилиш, ўзларини қатл қилиш, хотин-қизларидан хоҳлаган мақсадда фойдаланиш ваҳҳобийларга ҳалол деган "фатво" ҳам берилгандан кейин чўлдаги ваҳшийлар, қароқчилар Муҳаммад бин Суудга аскар бўлишга шошилдилар. Шу тариқа бир нечта туя чавандозидан ташкил топган кичик аскар қисқа вақтда кўп сонли ипини узиб кетган ваҳшийлар галасига айланди. Сууд ўғли билан Абдулваҳҳоб ўғли биргаликда ваҳҳобийликни қабул қилмаганларнинг кофир эканликларини, уларнинг қонларини тўкиш ва молларини тортиб олиш ҳалол эканлигига 1730 йилда қарор қилиб, 1738 йилда ваҳҳобийликни эълон қилишди. Абдулваҳҳоб ўғли калласида ғужғон ўйнаган жирканч таълимотларини тарғибот қилишга 32 ёшида киришган, 40 ёшида эса, ваҳҳобийликни батамом эълон қилган эди.

Маккаи мукаррама шофеъий муфтийси ас-саййид Аҳмад бин Зайни Даҳлон “Ал-футуҳот-ул исломия” китобининг 2-жуз 228-саҳифасидан бошлаб “Фитнат-ул ваҳҳобия” сарлавҳаси тагида уларнинг бузуқ эътиқодлари-ю мусулмонларга ўтказган жабру зулмларини атрофлича ёзиб қолдирган. Шу китобнинг 234-саҳифасида айтиладики:

“Осийлар (исёнчилар) Макка ва Мадинадаги аҳли суннат олимларини алдаш учун бу ерларга ўз одамларидан ташкил топган бир ҳайъат юборишди. Бу одамлар ислом олимларининг мажлисида қўйилган саволларга жавоб бериша олмади. Натижада жоҳил ва залолатда эканликлари маълум бўлди. Кофир эканликларини тасдиқловчи ҳужжат ёзилиб, чор тарафга ва ислом ўлкаларига жўнатилди.”

Ҳижоздаги тўрт мазҳаб олимлари ва буларнинг орасида Абдулваҳҳоб ўғлининг акаси Сулаймон, ўқитган устозлари Абдулваҳҳоб ўғли ёзган китобларни ўрганиб чиқиб, унинг дини Исломга хилоф ёзувларига жавоб ҳозирладилар. Залолатга бошловчи фикрларни таг-томири билан чиритадиган қувватли васиқалар билан дастакланган китоблар ёзиб, мусулмонларни осий ва шақийлар иғвосидан огоҳ қилишга ҳаракат қилишди. Сулаймон бин Абдулваҳҳобнинг ўз укасига қарши ёзган китобининг номи “Савоиқ-ул илоҳия фир-радди алал ваҳҳобия”дир.

Афсуски, бу китоблар иккита можаропарастни ва орқаларидаги ваҳшийларни ғафлатдан уйғота олмади. Аксинча мусулмонларга қарши нафрат-адоватларини орттирди ва Муҳаммад бин Сууднинг мусулмонлар устига беаёв ҳужум қилишига, кўп қон тўкилишига сабаб бўлди. Сууд ўғли Баний Ханифа қабиласидан бўлиб, Мусайлама тул Каззобнинг пайғамбарлигига ишонган аҳмоқларнинг авлодидан эди. Муҳаммад бин Сууд 1765 йили ўлгандан кейин, ўрнига ўғли Абдулазиз ўтирди. Абдулазиз бин Муҳаммад бин Сууд 1803 йили Дария масжидида бир шиа тарафидан қорнига ханжар тиқиб ўлдирилди. Ундан кейин унинг ўғли Сууд бин Абдулазиз ваҳҳобийларнинг раҳбари бўлди. Арабларни алдаш, бузуқ ақидаларини ёйиш борасида мусулмонларнинг қонини тўкишда уччови ҳам бир-биридан қолишмади.

[Ваҳҳобийларнинг ва енгил йўл билан мол-мулкка эришиш илинжида улар орасига аралашиб кетган текинхўр ваҳшийларнинг Тоиф, Макка, Мадина ва бошқа жойлардаги мусулмонларга қилган зулму исканжалари, хотин-халаж, бола-чақаларни аёвсиз ўлдирганлари Аҳмад бин Зайни Даҳлоннинг "Хулосат-ул-калом" китобида, Айюб Сабрий бошонинг 1879 йилда нашр қилинган "Тарихи ваҳҳобиён" ва "Миръот-ул-Ҳарамайн" китобларида батафсил тасвирланган. Юраги дош бера оладиганлар ўша манбалардан маълумот олишлари мумкин. Бу бузғунчиларнинг Усмоний давлати томонидан қандай жазоланганликлари  ва биринчи Жаҳон Урушидан кейин яна инглизларнинг катта молиявий ҳамда қурол-аслаҳа ёрдамлари туфайли қандай қилиб бошқатдан давлат қурганликлари ҳам бафуржа баён қилинган.] 

Абдулваҳҳоб ўғлининг мана шу нотўғри таълимотларни ёйишдан мақсади гўёки Аллоҳга тавҳидда холис бўлиш ва мусулмонларни ширкдан қутқариш учун эмиш. Унинг фикрича мусулмонлар ширкка ғарқ бўлган эмиш. Яъни ундан бошқа барча мусулмонлар бутларга ибодат қиладиган кофир эмиш. Ўзи  эса, мусулмонларнинг динини ўша "ширклардан" тозалаш учун, реформалаш учун енг шимариб майдонга чиққан эмиш. Бошқа моддаларда унинг бузуқ фикрларини ва мусулмонларнинг қарши жавобларини тафсилоти билан ёзамиз. Бу ерда ўша бобга муқаддима тариқасида баъзиларини келтирамиз.

Ваҳҳобийликнинг отаси бўлган бу бидъатчи, нотўғри талимотларига ҳаммани ишонтириш учун Аҳкоф сурасининг 5-ояти каримасини, Юнус сурасининг 106-ояти каримасини ва Раъд сурасининг 14-ояти каримасини далил сифатида илгари сурган. Аслида уларга ўхшаган яна анчагина ояти карималар бор ва барчасининг бутпараст кофирларни, мушрикларни таърифлаш, таҳқирлаш учун нозил бўлганини тафсир олимлари иттифоқ билан баён қилишган. 

Абдулваҳҳоб ўғлининг тушунчаларига кўра бир мусулмон Расулуллоҳдан, бошқа пайғамбарлардан, авлиёлардан, солиҳлардан бирининг қабри ёнида ёки узоқда бундан (истиғоса қилса) бирон дардидан, ғам-ташвишидан қутилиш учун ёрдам сўраса ёки у зотнинг исмини айтиб шафоатини сўраса, қабрини зиёрат қилиш учун борса, бу мусулмон мушрик бўлармиш. Аллоҳу таоло Зумар сураси учинчи оятида бутга сиғинган кофирларни таърифламоқда. Улар эса, пайғамбарларни ва авлиёни восита қилиб дуога қўл очган мусулмонни кофирликда айблай олиш учун айнан мана шу ояти каримани далил кўрсатишмоқда. Мушриклар ҳам бутларнинг яратишга қодир эмаслигига, ҳамма нарсани Аллоҳнинг яратганига ишонишарди дейишмоқда. Ҳатто Анкобут сурасининг 61 ва Зуҳруф сурасининг 87-ояти карималарида маолан “Буларни ким яратганини улардан сўрасанг, албатта, Аллоҳ яратди дейдилар” деб Аллоҳнинг каломи билан нотўғри фикрларини тасдиқлашга уринишмоқда. Кофирлар мана шу эътиқодда бўлганлари учун эмас, балки Зумар сурасининг 3-оятида билдирилган “Аллоҳдан бошқаларини дўст қилиб олганлар, улар шафоат қилиб, Аллоҳу таолога бизни яқинлаштирадилар дейдилар” маоли шарифини айтганлари учун мушрик ва кофир бўлади дейишмоқда. Яъни пайғамбарларнинг, авлиёнинг қабрларидан шафоат, ёрдам сўраётган мусулмонлар ҳам шундай гаплари туфайли мушрик бўлармиш.

Абдулваҳҳоб ўғлининг бу ояти каримани далил сифатида кўрсатиб, мусулмонларни кофирларга, мушрикларга қиёс қилиши жуда жирканч аҳмоқона ва ботил бир иш. Чунки кофирлар шафоат қилиши учун бутларга ибодат қилишарди. Аллоҳу таолони қўйиб, истакларини фақат бутлардан исташарди. Аллоҳу таолонинг оламларга раҳмат қилиб юборган Муҳаммад алайҳиссаломга ва келтирган ислом динига ишонишмасди. Биз мусулмонлар эса, Аллоҳга ва Расулига имон этиб, келтирган ислом динига эътиқод қиламиз. Зотан буларга имон келтирганимиз учун мусулмон бўлганмиз. Имон келтирганлар билан бутга сиғинувчи мушрикларни ҳеч ҳам бир-бирига қиёслаб бўладими? Бу икки зид тоифа ҳеч ҳам бир-бирига ўхшатиладими? Устига устак бу мушриклар Пайғамбарни инкор этганлари етмагандек, Расулуллоҳга ва имон келтирган мусулмонларга турли азиятлар бериб, уларга қарши қанча маротаба жанг ҳам қилишганди. Биз Пайғамбарларга, авлиёларга асло ибодат қилмаймиз, ҳамма нарсани фақат Аллоҳдан кутамиз. Авлиё ва набийларнинг эса, дуо ва тилакларимизнинг ижобат бўлишида восита, васила бўлишинигина сўраймиз. Оламларга раҳмат қилиб юборилган энг севгили қул, энг улуғ Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг шафоат қилишларини истаймиз.

Кофирлар бутларининг хоҳлаганча шафоат қилишларига, ҳар истаганларини Аллоҳга қилдиришга қодир эканликларига ишонишарди. Биз мусулмонлар эса Аллоҳу таолонинг севган қулларига шафоат қилишга изн беришини, севганларининг шафоат ва дуоларини қабул қилишини Қуръони каримда хабар бергани учун мана шу суюнчиларга ишонганимиз туфайли Аллоҳу таолонинг севгилиси бўлган улуғ Пайғамбаримиздан, севгили қуллари бўлган авлиёлардан шафоат ва ёрдам сўрамоқдамиз.

Кофирларнинг бутга сиғинишлари билан мусулмонларнинг авлиёдан ёрдам сўрашларини битта тарозига қўйиб бўлмайди. Мусулмон билан кофир, иккаласи ҳам ташқи кўринишдан инсондир. Мана шу жиҳатдан бир-бирига ўхшайди. Лекин мусулмон Аллоҳу таолонинг дўсти, у абадий жаннатда қолади. Кофир эса Аллоҳу таолонинг душмани бўлиб, абадиян жаҳаннамда қолади. Кўринишда бир-бирига ўхшашлари уларнинг ҳамиша бирдай бўлиб қолишларига далил бўла олмайди. Аллоҳу таолонинг душмани бўлган бутларга, ҳайкалларга ёлворувчилар билан Аллоҳу таолонинг севгили пайғамбарига ва авлиё қулларига ёлвораётганлар кўринишда бир-бирларига ўхшаши мумкин. Лекин бутларга ёлвориш жаҳаннамга олиб боради. Пайғамбарларга ва авлиёга ёлвориш эса Аллоҳу таолонинг авфу мағфиратига, марҳаматига сабаб бўлади. “Аллоҳу таолонинг севган солиҳ бандалари тилга олинганда, хотирланганда, у ердагиларга Аллоҳу таоло марҳамат қилади” ҳадиси шарифи машҳурдир. Пайғамбарларга, авлиёларга ёлворилганда Аллоҳу таолонинг раҳм қилиши, авф этишини ушбу ҳадиси шариф ҳам кўрсатмоқда.

Мусулмонлар пайғамбарларнинг, авлиёнинг илоҳ, маъбуд эмаслигига, Аллоҳу таолога шерик эмаслигига ишонадилар. Улар Аллоҳу таолонинг ожиз қули эканлигига, ибодатга, топинишга, сиғинишга ҳақлари йўқ эканлигига эътиқод қиладилар. Уларнинг Аллоҳу таолонинг севган, дуоларини қабул қиладиган бандалари эканлигини биладилар. Моида сурасининг 35-оятида маолан “Менга яқинлашиш учун восита изланглар” деб буюрилди. “Солиҳ қулларимнинг дуоларини қабул қиламан, тилакларини бераман” деб марҳамат қилди. Бухорийда, Муслимда ва "Кунуз-уд-дақойиқ"да мазкур ҳадиси шарифларда: “Албатта Аллоҳу таолонинг шундай қуллари борки, агар бир нарса учун қасам ичсалар, Аллоҳу таоло ўша нарсани яратади. Уни ёлғончи қилмайди” деб марҳамат қилинган. Мусулмонлар бу ояти карима ва ҳадиси шарифларга ишонганлари учун Пайғамбар ва авлиёларни восита қилиб, улардан дуо ва ёрдам сўрашмоқда.

Тўғри, кофирларнинг бир қисми бутларнинг, ҳайкалларнинг яратувчи эмаслигини, барча нарсани Аллоҳу таоло яратишини таъкидлашса ҳам “Бутларнинг ибодат қилинишга ҳақлари бор, улар хоҳлаганини қилади ва Аллоҳга ҳам қилдира олади” дейишади. Шу тариқа улар бутларини Аллоҳга шерик қилишмоқда. Бир одам дунёда Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўраса, "менга албатта ёрдам беради, унинг ҳар истагани албатта рўёбга чиқади"- деса, бу одам кофир бўлади. Аммо "Менинг тилагим у хоҳлагани билан ижобат бўлмайди, у атиги бир сабаб холос. Аллоҳу таоло сабабга мурожаат қилганларни яхши кўради. Ҳамма нарсани сабабга боғлаб яратиш Унинг одати. Мен ҳам сабабга ёпишиш учун воситалардан ёрдам сўраяпман, лекин тилагимни Аллоҳдан кутаман. Пайғамбаримиз ҳам истакларининг рўёбга чиқиши учун сабабларга мурожаат қилганлар. Сабабга мурожаат қилиш билан мен Расулуллоҳнинг суннатларини бажаряпман"- деб, ҳаётдаги ёхуд вафот этган бир зотдан кўмак сўраган одам савоб олади. Тилаги ижобат бўлса, Аллоҳга ҳамд қилади. Бўлмаса, яна Аллоҳнинг тақдирига рози бўлади.

Кофирларнинг бутга сиғинишлари мусулмонларнинг пайғамбардан, авлиёдан дуо, шафоат, ёрдам сўрашларига умуман ўхшамайди. Ақли расо, тўғри фикрлай оладиган ҳеч бир банда бу иккаласини бир-бирига ўхшатмайди. Аксинча бир-биридан бутунлай фарқли эканликларини яхши билади. Зарар ва фойдани яратувчи фақатгина Аллоҳу таоло! Ундан ўзганинг ибодатга умуман ҳақ ва ҳуқуки йўқ. Ҳеч қайси пайғамбар, ҳеч қайси авлиё ва ҳеч қандай махлуқ ҳеч нарса ярата олмайди. Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқ! Лекин Аллоҳу таоло, пайғамбарларининг, авлиёларининг, солиҳ бандаларининг, яъни севган қулларининг исмларини тилга олганларга, уларни тилакларининг ижобат бўлишига васила қилганларга марҳаматини сочади, тилакларини беради. Буни Ўзи ва сегили пайғамбари хабар берганлар. Мана шу хабарларга суяниб мусулмонлар ҳам шундай эътиқод қилишмоқда.
           Мушриклар, кофирлар эса, бутларнинг ҳеч нарса ярата олмаслигини билиб туриб, бутларини илоҳ ва маъбуд сифатида кўришмоқда. Шу боис бутларига ибодат қилишмоқда. Уларнинг баъзилари улуҳиятда (илоҳлик иснод қилишда) мушрик бўлса, баъзилари ибодатда мушрик бўлишмоқда. Улар "Бутларимиз бизга шафоат қилиб, бизни Алоҳга яқинлаштиришади" деганлари учун эмас, балки бутларни илоҳ ва маъбуд билиб, топиниб-сиғинишгани учун мушрик бўлишмоқда.

Пайғамбаримиз: “Бир замон келадики, кофирлар ҳақида нозил бўлган ояти карималар мусулмонларни ёмонлаш учун васиқа-далил сифатида ишлатилади” деб марҳамат қилдилар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Энг кўп қўрқадиган нарсам - ояти карималарни Аллоҳу таолонинг истамаган жойларида ишлатадиган кимсаларнинг пайдо бўлишидир” деб айтдилар. Бу ҳадиси шарифларнинг иккаласини ҳам Абдуллоҳ бин Умар (родиаллоҳу анҳ) хабар берган. Бу икки ҳадиси шариф мазҳабсизларнинг, зиндиқларнинг пайдо бўлишини ва кофирлар ҳақида тушган ояти карималарни мусулмонлар ҳақида тушган деб айтишларини, шу тариқа Қуръони каримга ҳам туҳмат қилишларини хабар бермоқда. 

Мўминлар Аллоҳу таолонинг севишига ишонган зотларнинг қабрларини зиёрат қилишади. Аллоҳу таолонинг муҳаббатига эришган қулларини васила-восита қилиб, Аллоҳу таолога ёлворишади. Сарвари олам пайғамбаримиз ва саҳобаи киром ҳам шундай қилишарди. Расули акрам жанобимиз: "Ё Рабби, тилакларини ижобат қилган бандаларингни ҳаққи-ҳурмати учун Сендан тилаяпман" дуосини ўқирдилар. Мана шу дуони асҳобига ҳам ўргатиб, ўқишларини буюрар эдилар. Мўминлар ҳам асрлардан бери ана шундай дуо қилишмоқда.

Ҳазрати Алининг онаси бўлган Фотима бинти Асад вафот этганида Расулуллоҳ ўз қўллари билан қабрга қўйиб “Ё Рабби, менга оналик қилган Фотима бинти Асадни авф этгин! Пайғамбарингнинг ва мендан аввал келган пайғамбарлар ҳурмати учун унга раҳматингни зиёда қилгин” деб дуо қилдилар. Кўзларининг очилиши учун дуо сўраб келган бир кишига икки ракат намоз ўқишини сўнгра “Ё Рабби, қулларингга марҳамат қилиб юборган пайғамбаринг Муҳаммад алайҳиссалом ҳурмати учун Уни васила қилиб, Сендан сўрайман. Сенга ёлвораман. Ё Муҳаммад (алайҳиссалом)! Сизни васила қилиб, дуомни қабул этиши, тилагимни эҳсон этиши учун Раббимга ёлворяпман. Ё Рабби, дуомнинг қабул бўлиши учун шу улуғ Пайғамбарингни менга шафоатчи айлагин!” дуосини ўқишни амр қилдилар.

Одам алайҳиссалом тақиқланган дарахт мевасидан еб, Цейлон (Сарандиб) оролига туширилганда “Ё Рабби, ўғлим Муҳаммад алайҳиссалом ҳурмати учун авф этгин” деб дуо қилди. Аллоҳу таоло эса: “Эй Одам, Муҳаммад алайҳиссаломни восита қилиб, ер ва кўкдагилар учун шафоат сўраганингда, шафоатингни қабул қилардим” деб марҳамат қилди.

Ҳазрати Умар, ҳазрати Аббосни (родияллоҳу анҳум) ёнида олиб бориб, уни восита қилиб ёмғир дуоси ўқиган ва дуоси ҳам қабул бўлган эди. 

Кўзларининг очилишини сўраб келган одамга ўқиши буюрилган дуода  "Ё Муҳаммад (алайҳиссалом)! Сизни..." дейиш, авлиёни васила қилиб дуо қилаётганда исмини айтиб ёлворишнинг жоиз эканлигини кўрсатиб турибди.

Асҳоби киромнинг ва Тобеиннинг ҳаёт ҳикоялари ҳақида ёзилган мўтабар асарлар қабр зиёратининг ва исмини айтиб шафоат сўрашнинг, маййитни васила қилишнинг машруъ ҳамда жоиз эканлигига далолат қилувчи ҳужжатлар билан тўла.

Ибн Ҳожар Ҳайтамийнинг “Минҳаж” шарҳи бўлган “Туҳфа” китобига ёзган ҳошиялари билан машҳур бўлган Муҳаммад бин Сулаймон шофеъий, Абдулваҳҳоб ўғлининг бузуқ йўлда эканлигини, унинг ояти карималарга ва ҳадиси шарифларга нотўғри маъно берганини васиқалар билан исботлаб, шундай деган:

“Эй Абдулваҳҳоб ўғли! Мусулмонларга тил текказма, сенга Аллоҳ розилиги учун насиҳат қиляпман. Аллоҳдан бошқа яратувчи борлигини даво қилганлар бор бўлса, уларга ҳақиқатни билдир. Васиқалар кўрсатиб, уни тўғри йўлга сол! Лекин мусулмонларга кофир дейишинг асло тўғри эмас! Миллионлаган кишига кофир деб қўймаслик учун бир кишига кофир деб юбориш ҳар ҳолда тўғрироқ бўлади. Сурувдан ажралган қўйнинг оқибати маълум. Нисо сурасининг “Тўғри йўл кўрсатилгандан кейин Пайғамбарга эргашмаган, имонда ва амалда мўминлардан ажралган кимсани куфр ва муртадликда қолдирамиз ва жаҳаннамга ташлаймиз” маолидаги 115-ояти каримаси аҳли суннатдан ажралганларнинг аҳволини кўрсатмоқда.”

Қабр зиёратининг жоиз ва фоидали эканлигини кўрсатувчи ҳадиси шарифлар жуда кўп. Асҳоби киром ва Тобеини изом Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) муборак қабрларини зиёрат қилишарди. Ушбу зиёратнинг қандай бажарилиши ва фоидаларини тушунтириш учун мустақил китоблар ёзилган.

Бирон валийни васила қилиб дуо қилиш, исмини айтиб ундан ёрдам, мадад сўраш ҳеч ҳам зарарли эмас. Исми аталган зотнинг таъсир қила олишига, хоҳлаган нарсасини албатта амалга ошира олишига, ғайбларни билишига ишонилса, куфр бўлади. Мусулмонлар бундай эътиқодда эмас ку ахир, айбланадиган. Мусулмон Аллоҳу таолонинг севган бир бандасидан фақатгина орада васила бўлишини, шафоатини, дуо қилишини сўрайди. Сўралаган нарсаларни яратадиган яна ёлғиз Аллоҳу таолодир! Моида сураси 27-оятида маолан: "Муттақий (тақво аҳли) қулларимнинг дуоларини қабул қиламан" деб марҳамат қилган. Шунинг учун Аллоҳнинг севган тақводор бандаларидан дуо, шафоат сўралади. Вафот этганлардан тилакларни ўз қўллари билан беришлари эмас, Аллоҳу таолонинг беришига васила-восита бўлишлари сўралади. Тўғри ўзларининг беришини сўраш жоиз эмас. Шундоғам мусулмонлар ундай деб сўрашмайди. Лекин тилакларнинг берилишига восита бўлишларини маййитлардан сўраш жоиздир.

ИстиғосаИстишфо ва Тавассул сўзлари ҳаммаси "восита, васила бўлишларини хоҳлаш" деганидир.